Тўқаев Путинга қозоқлар ҳеч қачон руслар билан низолашмаганини эслатиб ўтди

Қозоғистон резиденти матбуот хизмати фотосурати

Қозоқлар ва руслар сиёсат ёки дин сабабли ҳеч қачон бир-бири билан низолашмаган. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар саммити доирасида Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

Тўқаев Путиннинг икки мамлакат ўртасида гуманитар алоқаларни ривожлантириш муҳимлиги ҳақидаги фикрларини қўллаб-қувватлади ва бу муносабатлар кўп йиллар давомида шаклланганини таъкидлади.

«Динлараро муносабатлар, қандайдир сиёсий муносабатлар борасида ҳам», — деди Қозоғистон президенти. Унинг сўзларига кўра, икки халқ вакиллари ўртасида юзага келган кичик можаролар асосан «соф хўжалик низолари» билан боғлиқ бўлган.

Тўқаев, шунингдек, Қозоғистон Россия билан ҳамкорликни «худди шундай суръатда, худди шундай динамика ва худди шундай самимият билан» давом эттириш ниятида эканини билдирди.

Қозоғистон президенти чегараолди ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳам алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, июль ойида Омск шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Қозоғистон минтақалараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли якунланган.

«Қозоғистон бу йўналишни охиригача, агар охири бўлса, давом эттиради», — деди Тўқаев.

Иқтисодий муносабатлар ҳақида гапирар экан, президент Қозоғистон Россияни республика учун асосий инвестициявий ва савдо ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади.

«Мен бу жараённи доимо қўллаб-қувватлайман, чунки у халқимиз манфаатларига мос келади», — деди у ва ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан ошганини қайд этди.

Тўқаев, шунингдек, Путиннинг май ойида Остонага давлат ташрифини «тарихий» деб атади ва Қозоғистон ҳукумати ўша пайтда эришилган келишувларни амалга оширишда давом этаётганини маълум қилди. Ташриф давомида Россия делегацияси билан музокаралар натижасида томонлар бир қатор ҳужжатларни, жумладан, Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси иштирокида Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш билан боғлиқ келишувларни имзолаган.

Владимир Путин, ўз навбатида, Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни «икки томонлама ҳаракатланадиган йўл» деб атади. Бундан ташқари, Россия раҳбари қозоғистонлик ҳамкасбини парламент сайловларидаги натижалар билан шахсан табриклаб, сайлов якунлари президентнинг мамлакатни ривожлантириш курсини қўллаб-қувватлашдан далолат беришини таъкидлади.

Икки давлат раҳбарлари 31 август — 1 сентябрь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити доирасида учрашдилар.