Роберт Просинечки Қирғизистон миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этди

Роберт Просинечки. ҚФИ фотосурати

Хорватиялик мутахассис Роберт Просинечки Қирғизистон футбол бўйича миллий терма жамоаси бош мураббийи лавозимини тарк этди. Бу ҳақда Қирғизистон футбол иттифоқи матбуот хизмати хабар берди.

«Қирғизистон футбол иттифоқи Ижроия қўмитасининг қарорига кўра, томонлар Қирғизистон футбол бўйича миллий терма жамоаси бош мураббийи Роберт Просинечки билан ҳамкорликни ўзаро келишув асосида тўхтатишга қарор қилди», — дейилади хабарда.

Янги бош мураббий этиб маҳаллий мутахассис Урмат Абдукаимов тайинланди. У аввал Қирғизистоннинг U-23 олимпия терма жамоасига раҳбарлик қилган, миллий терма жамоа бош мураббийи вазифасини вақтинча бажарган ва «Талант» клубида мураббийлик қилган. ҚФИ маълумотларига кўра, Абдукаимов ОФКнинг A тоифали мураббийлик лицензиясига эга. Ҳозирча унда ОФК Pro лицензияси йўқ. Бироқ, Осиё футбол конфедерацияси талабларига кўра, ОФК турнирларида катталар миллий терма жамоаси бош мураббийи учун Pro даражасидаги лицензия талаб этилади.

Эҳтимол, Абдукаимов яқин вақт ичида зарур лицензияни олади ёки Осиё кубоги олдидан ушбу лицензияга эга мутахассис таклиф этилади.

Просинечки 2025 йил декабрь ойида миллий терма жамоани бошқарган эди. Шартнома бир йил бир ой муддатга тузилган бўлиб, терма жамоанинг 2027 йилги Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этган тақдирда, шартномани яна уч йилга узайтириш имконияти кўзда тутилган.

Хорватиялик мутахассиснинг эҳтимолий кетиши ҳақидаги миш-мишлар июнь ойида, ҚФИ раҳбарияти алмашганидан кўп ўтмай пайдо бўлган эди. 10 июнь куни Қирғизистон ОАВлари манбаларга таянган ҳолда Просинечки билан ҳамкорликни тўхтатиш масаласи терма жамоанинг июнь ойидаги ўйинларига қадар муҳокама қилингани ҳақида хабар берган. Ўша пайтда бу маълумот расман тасдиқланмаган эди.

ҚФИ раҳбариятидаги ўзгаришлар баҳорда бошланган эди. 15 апрель куни Просинечки терма жамоага таклиф этилган пайтда иттифоқ президенти бўлган Камчибек Ташиев лавозимини тарк этди, конгресс делегатлари эса Ижроия қўмитасининг янги таркибини сайлади. 12 май куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев ҚФИ президенти этиб бир овоздан сайланди.

Просинечки раҳбарлигида Қирғизистон терма жамоаси тўртта ўртоқлик учрашувини ўтказди ва бирорта ҳам ғалаба қозона олмади. Март ойида қирғизистонликлар Экваториал Гвинеяга 0:1 ва Мадагаскарга 2:5 ҳисобида мағлуб бўлди, июнь ойида эса Фаластин билан икки марта 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади.

Роберт Просинечки Хорватиянинг энг машҳур футболчиларидан бири ҳисобланади. У мамлакат терма жамоаси таркибида жаҳон чемпионатининг бронза медали соҳиби бўлган. Белграднинг «Црвена Звезда», Мадриднинг «Реал» ва «Барселона» клубларида тўп сурган. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг мураббийлик фаолиятини бошлаган. Туркия ва Хорватия клубларига, шунингдек, Озарбайжон, Босния ва Черногория терма жамоаларига раҳбарлик қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ