Украина июль ойи охирида АҚШ маъмуриятининг илтимосидан сўнг Новороссийскдаги нефть ташувчи танкерларга қарши интенсив ҳужумларни тўхтатди. Бу ҳақда Financial Times Украина расмийлари ва вазиятдан хабардор бошқа манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс 31 июль куни телефон орқали суҳбат чоғида Украина президенти Владимир Зеленскийдан Новороссийскдаги Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) терминали билан боғлиқ танкерларга ҳужумларни тўхтатишни сўраган. Шундан сўнг Украина томони терминал яқинидаги танкерларга зарба бермаган.
Financial Times таъкидлашича, Украина КҚК инфратузилмаси ва Россияга тегишли бўлмаган кемаларга, агар улар Украина санкциялари остида бўлмаса ҳамда Россия нефти ёки бошқа Россия юкларини ташимаса, ҳужум қилмасликка рози бўлган.
Украиналик юқори мартабали амалдор нашрга Киев америкалик ҳамкорларининг илтимосини инобатга олгани ва келишувни амалга ошириш учун тегишли «механизмлар»ни яратганини тасдиқлаган.
Шу билан бирга, АҚШ ва Украина расмийлари ҳозирча Financial Times хабарига оммавий равишда изоҳ бермаган.
АҚШ маъмурияти вакили нашрга Вашингтон Каспий қувурлари консорциумини Қозоғистон нефтини Европа бозорларига етказиб беришнинг муҳим ҳаётий канали сифатида кўришини билдирган. Вашингтон баҳосига кўра, ушбу йўналиш Россия энергия ресурсларига муқобил ҳисобланади.
Украина позициясидан хабардор Financial Times манбасининг таъкидлашича, Киев Вашингтоннинг илтимосини, шунингдек, АҚШдан Patriot ракеталарини ишлаб чиқариш лицензиясини олиш умидида қабул қилган. Украина қишга қадар бир неча юзта шундай ракета сотиб олишни режалаштирмоқда. Қишда Россиянинг муҳим инфратузилма объектларига ҳаво ҳужумларини кучайтириши кутилмоқда.
Вашингтоннинг аралашувига КТК терминали яқинида танкерларга июль ойида амалга оширилган дрон ҳужумлари серияси сабаб бўлган. 19 июль куни нефть юклаш тўхтатилган, 27 июлда қайта тикланган, 29 июль куни эса терминал яқинидаги кемалар яна ҳужумга учраган. Бу зарбалар учун ҳеч ким очиқ равишда жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. КҚК билан боғлиқ саккизта кема зарар кўрганини ҳисобга олганда, июль Россия билан боғлиқ нефть активларига ҳужумлар сони бўйича энг фаол ой бўлган.
Қозоғистон учун юзага келган узилишлар бевосита иқтисодий йўқотишларга олиб келган. Республика Энергетика вазирлиги КҚК фаолияти тўхтатилгани сабаб нефть қазиб олиш ҳажми камайганини маълум қилди, Ташқи ишлар вазирлиги эса ҳужумларни мамлакатнинг иқтисодий манфаатларига тажовуз сифатида баҳолади.
Ўтган ҳафта Bloomberg ўз манбаларга таяниб, Украина АҚШ вакиллари билан музокаралардан сўнг КҚК инфратузилмасига ҳужумларни тўхтатиш мажбуриятини олгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ, Киев бундай келишув мавжудлигини очиқ тасдиқламади.



