Украина дронлари ҳужуми оқибатида Нижнекамскда Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлди

inkazan.ru сайти фотосурати

Татаристоннинг Нижнекамск шаҳридаги Украина дронлари ҳужуми оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Улар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам бор, деб хабар беради ТНВ телеканали республика раҳбари Рустам Минниханов матбуот хизматига таяниб.

Россия оммавий ахборот воситалари ҳужум қурбонлари орасида нечта чет эл фуқаролари бўлгани ва улар ким экани ҳақида ҳозирча тафсилот келтирмаган.

Кейинроқ Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистоннинг етти нафар фуқароси борлигини маълум қилди.

Дипломатик ваколатхона вазият назорат остида эканини, маҳаллий терговчилар билан алоқа ўрнатилганини маълум қилди. Суд-тиббий экспертизаси ва бошқа зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг марҳумларнинг жасадларини ватанга юбориш чоралари кўрилади.

Дронлар ҳужуми оқибатида жами 13 киши, жумладан бир нафар бола ҳалок бўлгани маълум. Гап тез тиббий ёрдам машинаси етиб келгунига қадар вафот этган қиз ҳақида бормоқда.

Жами 75 киши тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, улардан 21 нафари шифохонага ётқизилган. Икки нафар жабрланувчининг аҳволи оғир экани таъкидланмоқда. Татарстан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, яраланишларнинг асосий сабаби дрон ҳужуми вақтида қўлланилган зарар етказувчи элементлар бўлган.

Россия Тергов қўмитаси Нижнекамскка дронлар ҳужум қилгани факти бўйича террорчиликка оид жиноий иш қўзғатди.

Маҳаллий ҳокимият қурбонлар ва жабрланганлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун ишонч телефонини ишга туширди: 8 (8555) 32-22-01.

Аввалроқ Минниханов матбуот хизмати 10 август куни эрталаб Нижнекамскдаги саноат ва фуқаролик объектларига Украина дронлари томонидан ҳужум уюштирилганини хабар қилган эди. Ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, ўнлаб фуқаролар жароҳат олди.

Шу муносабат билан Татарстан раҳбари мотам эълон қилган.

Минниханов, шунингдек, республика ҳукумати билан тезкор йиғилиш ўтказиб, жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқлар берган. Шу мақсадда Набережние Челнидан Нижнекамскка қўшимча тиббиёт ходимлари бригадалари юборилган. Бундан ташқари, тегишли хизматларга дрон ҳужумлари оқибатларини тезкор бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган.