Австрия ҳукумати тожикистонлик мухолифатчи Шавкат Муҳаммад (Шавкатжон Шарифов), унинг онаси ва укаси экстрадиция қилинишига оид сўровга рад жавобини берди. Бу қарорни 5 август куни Вена Жиноят суди қабул қилди, деб хабар беради «Озоди» Тожикистон Ислом уйғониш партияси (ТИУП) раиси Муҳиддин Кабирийга таянган ҳолда.
ТИУП раҳбарининг сўзларига кўра, суд мажлисида иштирок этган Австрия томони Тожикистон ҳукумати сўровини асоссиз деб топган. Қайд этилишича, иш бўйича эшитув қисқа давом этган ва судья расмий Душанбе сўровида кўрсатилган уч нафар фуқарони Европа давлатидан чиқариб юборишни рад этган.
Маълум бўлишича, экстрадиция талабини Тожикистон Ички ишлар вазирлиги жорий йил апрель ойида берган. Сўровга кўра, Австриядан 18 нафар тожикистонликни ушлаб, уларни ватанга қайтариш сўралган. Рўйхатда Шавкат Муҳаммад, унинг 77 ёшли онаси Шарофат Шарифова ва укаси Билолиддин Шарифов ҳам бор бўлган.
Тожикистон ушбу шахсларнинг барчасини экстремизм билан боғлиқ жиноятларда айбламоқда. Бироқ, гумонланувчиларнинг ўзи жиноий таъқиб сиёсий сабабларга асосланган дея ҳисоблайди.
Маълум бўлишича, оппозиция вакилининг яна бир укаси Аслиддин Шарифов ватанида тақиқланган ташкилотлар билан алоқалари учун 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Маҳкумнинг оиласи бу Шавкат Муҳаммаднинг хориждаги фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблайди.
Шавкат Муҳаммад Тожикистонда тақиқланган мухолифат ҳаракати — Тожикистон Миллий альянси вакили ҳисобланади. Илгари у ўз ватанида тақиқланган Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Сўғд вилоятидаги бўлимига раҳбарлик қилган.
Сиёсатчи ўн йилдан ортиқ вақтдан бери хорижда яшайди. У ижтимоий тармоқларда Тожикистон раҳбариятини мунтазам танқид қилади. Жорий йил июль ойида, Австрия судида иши кўриб чиқилишидан олдин, тожикистонлик сиёсатчи Душанбе шаҳрига экстрадиция қилинишидан хавфсираётганини очиқ айтган. Унинг фикрича, у ерда таъқиб қилиниши ва адолатли суд ҳуқуқи бузилиши мумкин.
Шу билан бирга, Европанинг яна бир давлати — Германия — аксинча, тожикистонлик мухолифатчиларни ватанга қайтаришга тўсқинлик қилмаяпти. Масалан, яқинда Тожикистон ҳукумати ва президент Эмомали Раҳмонни танқид қилгани билан танилган Асадулло Бобоев Душанбе шаҳрига экстрадиция қилинган.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ушбу қарорга кескин салбий муносабат билдирди. Жумладан, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқ бошқа давлатда қийноқ хавфига дуч келиши мумкин бўлган шахсларни экстрадиция қилишни тақиқлашини эслатган. Ташкилот таъкидлашича, бу қоида Германия томонидан ратификация қилинган бир нечта халқаро шартномаларда ҳам акс этган. Шу билан бирга, Берлиндан Бобоевни чиқариб юбориш ишини қайта кўриб чиқиш ва мухолифат вакилининг ушланиши муносабати билан Тожикистонга босим ўтказиш сўралган.



