Қозоғистон нефтининг асосий қисми экспорт қилинадиган Каспий қувур консорциуми (КҚК) орқали нефть юклаш яна узилишлар билан амалга оширилмоқда. Бунга Қора денгиз терминали ҳудудида давом этаётган учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари ҳамда танкерлар етишмаслиги сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги соҳадаги саккиз нафар манбасига таяниб хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларининг сўзларига кўра, сўнгги бир сутка давомида КҚК терминали икки марта ишини тўхтатиб, кейин яна фаолиятини тиклаган. Бироқ, 5 август куни эрталаб нефть юклаш яна тўхтатилган.
Манбалардан бири юклаш жадвали доимий равишда ўзгариб турганини таъкидлади.
«Айрим юклар қайта юклаш жадвалида турибди, аммо уларни юклаш босқичигача етиб бормайди. Бир партия учун аллақачон уч хил турли кема алмаштирилди. Вазият ҳар куни ўзгармоқда», — дейди КҚК орқали нефть экспорт қиладиган компания вакили.
Вазиятни янада мураккаблаштираётган омиллардан бири — кўплаб кема эгалари дронлар ҳужуми хавфи сабаб ўз танкерларининг Қора денгиз акваторияси ва Россия портларига киришини тақиқлаётганидир. Аввалроқ транспорт компанияси FESCO ҳам Қора денгиз орқали ташишлар учун янги буюртмаларни вақтинча қабул қилишни тўхтатганини маълум қилган.
КҚК изоҳ беришдан бош тортди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги эса Reuters сўровига тезкор жавоб бермади.
Манбалар маълумотларига кўра, экспортдаги узилишлар нефть бозорига аллақачон таъсир кўрсатган. Август ойида юкланадиган CPC Blend нефти партиялари нархи пасайган: жорий ҳафтада улар Brent эталон навига нисбатан деярли баррелига 4 доллар арзон нархда таклиф қилинган. Ваҳоланки, бир неча ҳафта олдин улар эталон навга нисбатан устама нархда сотилган эди. Етказиб беришдаги кечикишлар ва фрахт харажатларининг ошиши хомашёни харидорлар учун камроқ жозибадор қилган.
КҚК орқали Қозоғистон экспортидаги нефть ҳажмининг 80 фоиздан ортиғи ўтади. Бу нефть Тенгиз, Қашаған ва Қорачиғаноқ конларидан келади. Денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бўлмагани сабабли, Қозоғистон нефтини жаҳон бозорларига етказиб беришда асосан Россия инфратузилмасидан фойдаланади. Грузия ва Хитой орқали ўтувчи муқобил йўналишлар мавжуд, аммо уларнинг ўтказиш қуввати чекланган.
Июль ойи охирида Қозоғистон Энергетика вазирлиги терминал ҳудудидаги дронлар ҳужумларига қарамай, КҚК фаолиятини тўлиқ тўхтатиш эҳтимолини кўриб чиқмаётганини маълум қилган эди. Шу билан бирга, узилишлар Қозоғистонда июль ойида нефть қазиб чиқариш ҳажмини июнь ойига нисбатан тахминан 14 фоизга камайишига олиб келган. Шу шароитда «Тенгизшевройл» компанияси август ойида муқобил йўналиш сифатида темир йўл орқали Грузиянинг Батуми портига қарийб 100 минг тонна нефть экспорт қилишни режалаштирмоқда.



