17 ёшли ҳужумчи, Қозоғистон миллий терма жамоаси аъзоси Дастан Сатпаев «Челси»нинг Австралия ва Осиё бўйлаб ўтказиладиган мавсумолди йиғини учун таркибига киритилди.
«Челси» сафарга 27 нафар футболчини олиб кетди. Сатпаев ҳужумчилар гуруҳидан Коул Палмер, Жейми Гиттенс, Эстевао, Жоау Педру ва Лиам Делап билан бирга ўрин олди.
Аввалроқ қозоғистонлик футболчи асосий жамоа билан машғулотларда иштирок этган эди. Британия оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, у «Кроули Таун»га қарши ёпиқ назорат учрашувида ҳам майдонга тушган. Ушбу баҳс Лондон клубининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган.
«Челси» мавсумолди йиғинига бир қатор етакчи футболчиларисиз йўл олган. Жамоа таркибига капитан Рис Жеймс, Энсо Фернандес, Моисес Кайседо, Марк Кукурелья, Педру Нету ва янги футболчи Морган Роджерс киритилмаган. Айрим ўйинчиларга клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин қўшимча дам олиш имконияти берилган. Шунингдек, асосий жамоа билан сафарга клуб академиясининг бир нечта тарбияланувчилари ҳам жўнаб кетган.
«Челси» турне доирасидаги илк учрашувини 28 июль куни Австралиянинг «Вестерн Сидней Уондерерс» клубига қарши ўтказади. Шундан кейин Хаби Алонсо шогирдлари «Тоттенҳэм», «Ювентус», «Милан» ва Малайзиянинг «Жоҳор Дарул Тазим» жамоалари билан баҳс олиб боради.
Дастан Сатпаев 2026 йил 12 августдан кейин, 18 ёшга тўлгач, расман «Челси» футболчисига айланади. Англия клубининг илтимосига биноан, футболчи тарбия топган «Қайрат» клуби уни янги жамоаси билан мавсумолди тайёргарлигида иштирок этиши учун эртароқ қўйиб юборди.
Оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, трансфер суммаси тахминан 4 миллион еврони ташкил этган ва бу Қозоғистон чемпионати тарихидаги рекордли трансферга айланган.
Дастан Сатпаев «Қайрат» сафида Қозоғистон чемпионати ва Суперкубогида ғолиб чиққан. 2025 йил якунларига кўра, у мамлакат Премьер-лигасининг энг яхши футболчиси деб топилган. 2025 йил март ойида ҳужумчи Қозоғистон миллий терма жамоаси сафида дебют қилган ва терма тарихидаги энг ёш футболчига айланган. Шу йилнинг ноябрь ойида эса Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Бельгия дарвозасига гол уриб, миллий жамоа тарихидаги энг ёш гол муаллифи сифатида қайд этилган. Жорий мавсумда Сатпаев Қозоғистон чемпионатида 15 та учрашувда майдонга тушиб, 7 та гол урган ва 2 та голли узатмани амалга оширган.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда Англия Премьер-лигасида Марказий Осиёнинг яна бир футболчиси — Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити» сафида тўп сурмоқда. Шунингдек, ўтган мавсумда Қозоғистонлик Ислом Чесноков Шотландия чемпионатида иштирок этди. У «Ҳартс» сафида 11 та ўйин ўтказиб, Шотландия Премьер-лигасида гол урган илк қозоғистонлик футболчи бўлди. 2026 йил ёзида Чесноков Қостанайнинг «Тобол» клубига қайтди.



