Салтанат Нукенова қотиллиги бўйича жиноятни яширишда айбланиб судланган Бахитжан Байжанов амнистия асосида озодликка чиқади. Бу ҳақда унинг адвокати Газиз Интиқбаев «Курсив» нашрига маълум қилди.
Байжанов — Қозоғистоннинг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Қуандик Бишимбаевнинг амакиваччаси бўлиб, Бишимбаев фуқаролик никоҳидаги турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганлик учун 24 йилга озодликдан маҳрум этилган. Ушбу иш бўйича Бахитжан Байжанов жиноятни яширганликда айбдор деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Суд ҳукми 2024 йил май ойида эълон қилинган.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Степногорск шаҳар суди унинг ҳимоясидаги шахсга нисбатан амнистия тўғрисидаги қонунни қўллаган ва уни зудлик билан озодликка чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган.
«Жазонинг ўталмай қолган қисми уч ойдан бироз кўпроқ эди. Бугуннинг ўзидаёқ Бахитжан оиласи бағрига қайтади», — деди адвокат.
Нашр қайд этишича, суд қарори маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасидан берилган ижобий тавсифномаси инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Колония маъмурияти унинг намунавий хулқи, интизом бўйича биринчи ижобий даражага эгалиги, икки марта рағбатлантирилгани, шунингдек, суд ҳукмига мувофиқ қўйилган барча фуқаролик даъволарини тўлиқ қоплаганини қайд этган. Озод қилиш тўғрисидаги илтимосномани прокурор ҳам қўллаб-қувватлаган.
Таъкидлаш жоиз, Байжановга нисбатан бунга ўхшаш енгиллик аввал ҳам қўлланилган. 2025 йил июль ойида Степногорск шаҳар суди Қозоғистон Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияни унга нисбатан қўллаш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган эди. Ўшанда жазо муддати учдан бир қисмга қисқартирилган ва унинг 2026 йил ноябрь ойида озодликка чиқиши кутилган (дастлабки ҳукмга кўра, жазо муддати 2027 йил июль ойида якунланиши керак эди).
2024 йил май ойида Қозоғистоннинг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Қуандик Бишимбаев фуқаролик никоҳидаги турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани қийноққа солиб ўлдирганликда айбдор деб топилиб, 24 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Катта шов-шувга сабаб бўлган мазкур суд жараёни ҳакамлар ҳайъати иштирокида ўтказилганди. Собиқ вазир устидан ўтган суд муҳокамаси фонида Қозоғистонда оилавий зўравонликни жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди. У халқ орасида «Салтанат қонуни» номи билан машҳур бўлди.



