HRW Германияни тожикистонлик мухолифат фаолини депортация қилгани учун инсон ҳуқуқларига риоя қилмасликда айблади

Германия ўз ватанида сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқиб хавфи остида бўлган хорижликларни ҳимоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларига риоя қилмаяпти. Бу ҳақда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи Human Rights Watch (HRW) ташкилоти тожикистонлик мухолифатчи Асадулло Бобоевнинг Душанбега депортация қилинишига изоҳ бераркан, маълум қилди.

Тожикистон ҳукумати ва мамлакат президенти Эмомали Раҳмонни танқид қилиши билан танилган Бобоев 2017 йилда оиласи билан Германияга кўчиб ўтган. Ўша йили у бошпана сўраб мурожаат қилган, аммо унинг аризаси қаноатлантирилмаган.

Жорий йил июнь ойи бошида 54 ёшли Бобоев ва унинг 19 ёшли ўғли Германияда яшаш рухсатномасининг амал қилиш муддати тугагани ҳамда мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишни истамагани сабабли муҳожирлар учун вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.

«Тожикистон ислоҳот ва тараққиёт ҳаракати» мухолифатчи ташкилоти Германия судига фаол Асадулло Бобоев депортация қилинса, ватанида у қийноққа солиниши ва қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган. Бундан ташқари, Бобоевга нисбатан ижтимоий тармоқларда Марказий Осиё республикаси ҳокимиятини танқид қилгани учун экстремизм моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилгани айтилган. Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячилари қора рўйхатларда бўлмаган ва жиноят ишлари бўйича айбланувчи сифатида ўтмаган, аммо ватанга қайтгач таъқибга учраган Тожикистон фуқаролари ҳолатлари ҳам қайд этилганини эслатадилар.

Бироқ, Германия суди Бобоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳимоя томонидан олмаган. Шу асосда суд қочқиннинг сафдошлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг чақириқларини инобатга олмаган. Натижада, 20 июнь куни Бобоев ўғли билан бирга Душанбега депортация қилинган. Айни пайтда, фаолнинг турмуш ўртоғи Мастона Файзуллоева ва уларнинг икки қизи Европада қолишига рухсат берилган.

Файзуллоеванинг маълум қилишича, Бобоев ватанга етиб келиши биланоқ ҳибсга олинган, унинг ўғли эса қариндошлари ихтиёрига қўйиб юборилган.

Human Rights Watch таъкидлашича, халқаро ҳуқуқ қийноқ хавфи мавжуд бўлган давлатга шахсларни мажбуран чиқариб юборишни тақиқлайди. Бу қоида Германия ратификация қилган бир нечта халқаро шартномаларда ҳам мустаҳкамланган.

«Ҳукуматнинг таниқли танқидчисининг фуқаролари қайтарилганидан сўнг қўлга олиниши ҳужжатлар билан тасдиқланган мамлакатга қайтарилиши Германия ҳукумати амалда Тожикистоннинг хориждаги танқидчиларига қарши трансмиллий таъқиб сиёсатига кўмаклашаётгани ҳақида жиддий хавотирларни уйғотади», — дейди Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

Унинг қўшимча қилишича, Германия Бобоевнинг депортация қилиниши юзасидан тергов ўтказиши ҳамда фаолнинг ҳибсга олиниши муносабати билан Тожикистонга босим ўтказиши керак.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот маълумотига кўра, Бобоев 2023 йилдан буён Германия томонидан депортация қилинган тўртинчи тожикистонлик мухолифатчи ҳисобланади. Ундан аввал депортация қилинган Абдуллоҳи Шамсиддин, Билол Қурбоналиев ва Дилмурод Эргашев Тожикистонда мос равишда 7, 10 ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Human Rights Watch фикрича, уларга қўйилган айбловлар, эҳтимолга кўра, сохталаштирилган.