Ўзбекистон клуби ўз футболчиси учун Германиянинг «Боруссия» клубидан 1 миллион доллар талаб қилди

Жахонгир Ўрозов. ЎФА фотосурати

Самарқанднинг «Динамо» клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Жаҳонгир Ўрозовни 1 миллион долларга баҳолади. Бу ҳақда Eurasia Football клуб раҳбариятига таяниб хабар берди.

«Динамо»да таъкидлашларича, футболчи клуб билан амалдаги шартномага эга. Шу билан бирга, клуб унинг трансфери бўйича тушадиган таклифларни кўриб чиқишга тайёр.

«Турли миш-мишлар юрибди. Уларнинг қаердан пайдо бўлаётганини айтиш қийин. Футболчининг „Динамо“ билан амалдаги шартномаси бор. Биз товон пули миқдорини 1 миллион доллар деб белгилаганмиз. Агар қизиқиш бўлса, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — дейди клуб раҳбарияти.

Аввалроқ Германиянинг Kicker нашри 22 ёшли марказий ҳимоячи Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби қизиқиш билдирган футболчилар рўйхатига киритилганини хабар қилганди.

Футболчининг агенти Шаҳриёр Эшбоев ҳам Ўрозов томони Қозоннинг «Рубин» клуби таклифини рад этганини, чунки футболчи фаолиятини Европада давом эттиришни мақсад қилганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳимоячига Италия, Германия, Туркия ва Нидерландия клубларидан таклифлар бор, жаҳон чемпионатидаги ўйинларини эса Англия, Италия ва Германия клублари вакиллари кузатиб борган.

Таъкидлаш жоиз, жаҳон чемпионатидан сўнг Европа клублари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Термизнинг «Сурхон» клуби ўнг қанот ҳимоячиси Беҳруз Каримовга қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, унга Англия ва Италия клублари қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган.

Жаҳонгир Ўрозов Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2023 йилда Туркиянинг «Эюпспор» клубига ўтган ва у ерда Туркия кубоги доирасида битта учрашувда майдонга тушган. Шундан сўнг у Ўзбекистонга қайтган.

Самарқанднинг «Динамо» клубида ҳимоячи асосий таркиб ўйинчисига айланди, Ўзбекистон миллий терма жамоасига чақирув олди ва 2026 йилги жаҳон чемпионати учун терма жамоа қайдномасига киритилди. Турнирда у биринчи учрашувда захирадан майдонга тушган бўлса, кейинчалик асосий таркибдан жой олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ