Афғонистон кетма-кет учинчи йил Нидерландиянинг KidsRights жамғармаси томонидан ҳар йили нашр этиладиган KidsRights индексида охирги ўринни эгаллаб келмоқда. Бундай натижа KidsRights Foundationнинг Эразмус университети билан ҳамкорликда тайёрлаган 2026 йил рейтингидан жой олган.
Индекс БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига қўшилган 194 давлатни беш асосий йўналиш бўйича баҳолайди: омон қолиш, соғлиқ, таълим, ҳимоя ва яшашга қулай муҳит. 2026 йил натижаларига кўра, Афғонистон 1 баллдан 0,214 балл тўплаб, рейтингда энг қуйи поғонага жойлашган ва Чад ҳамда Гвинеядан кейинги охирги ўринни эгаллаган.
Кўрсаткичлар барча баҳоланадиган йўналишлар бўйича ўта паст даражада. Энг ёмон натижа “қулай муҳит” категориясида қайд этилган — 0,010 балл. Таълим 0,286 балл, ҳимоя 0,549 балл, яшаб қолиш 0,454 балл, соғлиқни сақлаш эса 0,635 балл билан баҳоланган.
Афғонистонда болалар аҳволини оғирлаштираётган асосий омиллардан бири қизларнинг таълим олишига қўйилган чекловлар ҳисобланади. 2021 йил август ойида толиблар ҳокимиятга қайтганидан сўнг, Афғонистон қизларга ўрта ва олий таълим олиш имконияти тақиқланган дунёдаги ягона давлатга айланди. Бу сиёсат мамлакатнинг “таълим” категориясидаги кўрсаткичларига тўғридан-тўғри таъсир қилиб, уни индексда энг паст натижалардан бирига олиб келмоқда.
Таълим соҳасидаги инқироздан ташқари, Афғонистон кенг кўламли гуманитар ва иқтисодий таназзул билан ҳам тўқнаш келмоқда. Халқаро ташкилотлар баҳоларига кўра, миллионлаб афғонистонликлар қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди, заиф иқтисодиёт ва иш ўринларининг етишмаслиги эса оилаларнинг энг зарур эҳтиёжларини қондириш имконини чеклаб қўймоқда.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2026 йилда Афғонистон аҳолисининг 21,9 миллион нафарига гуманитар ёрдам зарур бўлади, уларнинг 11,6 миллиони болалардир. Иқтисодий ҳолатнинг ёмонлашуви, иқлимий офатлар ва аҳолининг мажбурий кўчиши бутун мамлакат бўйлаб заиф оилаларга бўлган босимни янада кучайтирмоқда.
Алоҳида хавотир уйғотаётган жиҳат — болалар орасида тўйиб овқатланмаслик ҳолатларининг кескин ўсишидир. Афғонистонда беш ёшдан кичик бўлган деярли 942 минг бола жорий йили тўйиб овқатланмаслик ҳолати бўйича даволанишга муҳтож ҳисобланади. Ўн минглаб болалар эса аллақачон даволаш марказларига қабул қилинган бўлиб, бу соғлиқни сақлаш тизимидаги инқироз чуқурлашаётганини кўрсатади.
Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати ҳисоботдаги хулосаларни рад этади. Ҳукумат вакили мулло Ҳамдулла Фитрат ушбу ҳужжатни “асоссиз ва реалликдан узоқ” деб атади. Унинг таъкидлашича, мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга етарли эътибор қаратилмоқда, айниқса таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида, шунингдек хавфли болалар меҳнати қатъий тақиқланган.
Шу билан бирга, ҳисоботда таъкидланишича, қуролли низолар, хавфсизликнинг йўқлиги ва ноқулай яшаш шароитлари дунё бўйлаб миллионлаб болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигига таҳдид солмоқда.
“Болалар уруш соясида каттаяптими ёки соғлиғини издан чиқарадиган шароитларда яшаяптими — фарқи йўқ: натижа бир хил. Уларнинг ҳуқуқлари, фаровонлиги ва келажак имкониятлари хавф остида қолмоқда. Дунё болаларга улар ҳақли бўлган ҳимояни таъминламаяпти”, — дейди KidsRights жамғармасининг бош директори Марк Дюллерт.
2026 йил рейтингида етакчи ўринларни Люксембург (умумий 0,871 балл), Исландия (0,867), шунингдек Монако ва Германия (иккаласи ҳам 0,866 балл) эгаллаган. Биринчи ўнталикка шунингдек Нидерландия, Норвегия, Греция, Бельгия, Словения ҳамда Австрия ва Таиланд кирди.
Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори ўринни Қозоғистон эгаллаб, 24-ўринда қайд этилган. Кейинги ўринларда Туркманистон (75-ўрин), Қирғизистон (82-ўрин), Тожикистон (92-ўрин) ва Ўзбекистон (96-ўрин) жойлашган.
Қўшимча таққослашда Хитой 81-ўринни, Россия 151-ўринни, Мьянма 119-ўринни, Исроил 110-ўринни, Украина 36-ўринни, Буюк Британия 132-ўринни эгаллаган. АҚШ эса рейтингда иштирок этмаган, чунки мамлакат БМТнинг Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини имзолаган бўлса-да, уни ратификация қилмаган.
KidsRights Index 2013 йилдан буён чоп этиб келинади ва у болалар ҳуқуқларига риоя этилишини ҳар йили қиёсий статистик маълумотлар асосида баҳоловчи ягона глобал рейтинг ҳисобланади. Ушбу тадқиқот натижалари KidsRights Foundation, ҳукуматлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда молиявий институтлар томонидан қарорлар қабул қилиш ва болалар аҳволини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда муҳим йўналтирувчи манба сифатида қўлланилади.



