Мавҳумлик исканжасида: Роғун ГЭСи лойиҳаси туфайли 25 мингдан ортиқ тожикистонлик кўчирилади

bigasia.ru сайти фотосурати

Роғун ГЭСи қурилиши муносабати билан сув остида қолиши мумкин бўлган ҳудудларда яшовчи 25 мингдан ортиқ тожикистонлик ҳанузгача қаерга кўчирилишини аниқ билмайди. Шунингдек, мамлакат ҳукумати ушбу фуқароларга товон пули тўлайдими-йўқми, бу масала ҳам номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда «Озоди» радиоси («Озодлик» радиосининг минтақавий бўлими) хабар берди.

ОАВ маълумотларига кўра, Тожикистон ҳукумати 2008 йилда Роғун ГЭСи лойиҳасини қайта тиклашга қарор қилган ва қурилиш ҳудудига тушиб қолган қишлоқ аҳолиси мажбурий кўчирилишини маълум қилган. Гап шундаки, мазкур энергетика иншоотини ишга тушириш учун сув омборини тўлдириш талаб этилади. Шу сабабли бир нечта аҳоли пунктлари тўлиқ сув остида қолиши кутилмоқда.

Фермер Муким Хасанов журналистларга айтишича, унинг оиласи ҳам минглаб бошқа фуқаролар каби ноаниқ вазиятда қолган. Унинг сўзларига кўра, оиласининг бир неча авлоди ўсиб-улғайган ер участкасида ҳозир бирор нарса қуриш тақиқланган, чунки бу ҳудуд барибир сув остида қолади. Расмийлар унга бошқа тумандан ер ажратиб беришган, аммо фермернинг янги жойда уй-жой қуриш ва яшаш шароитларини яратиш учун маблағи йўқ.

Фермернинг айтишича, унинг мулки кўп йиллар аввал баҳоланган, аммо шу вақтгача ҳеч кимга компенсация маблағи тўланмаган. Бу орада нархлар, айниқса қурилиш материаллари қиймати кескин ошган. “Аввал ёғоч тахта 50 сомони (тахминан 5,5 доллар) турган бўлса, ҳозир 150 сомонидан (16 доллардан ортиқ) сотилмоқда”, — дея норозилик билдирди Муким Хасанов.

Унинг қўшимча қилишича, кўчирилиш учун бериладиган компенсация миқдори ва маблағларни қачон тўлаш масаласи ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Шу маълумотларни аниқлаш мақсадида Хасанов Душанбе шаҳрига бориб, “Роғун ГЭСи сув босиши ҳудуди” дирекцияси раҳбарияти қабулига киришга уринган.

Бироқ, ташриф буюрувчи ташкилот вакилларидан ҳеч бири билан учраша олмаган. Унинг сўзларига кўра, барча масъуллар банд эканини баҳона қилган.

Радиостанция маълумотларига кўра, 2012 йилда Душанбе яқинида янги Роғуниён қишлоғи барпо этилган ва у ерга Роғун ГЭСи қурилиши туфайли сув остида қоладиган ҳудудлардан бир неча ўнлаб оилалар кўчирилган.

Бироқ, янги манзилда ҳам муаммолар сақланиб қолмоқда. Кўчирилган аҳолидан бирининг айтишича, расмийлар ҳар бир оилага 20–30 сотихдан ер ажратишни ваъда қилган, аммо амалда майдони кичикроқ участкалар берилган. Шунингдек, болалар учун алоҳида ер майдонлари ажратилиши айтилган бўлса-да, кўп болали оилалар ҳозир ҳам бир уйда тиғиз шароитда яшашга мажбур.

Бундан ташқари, ернинг сифати бўйича ҳам шикоятлар бор. Айтилишича, тупроқ қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш учун яроқсиз. Электр таъминоти ва ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд.

Расмий маълумотларга кўра, Роғун ГЭСи қурилиши сабабли тахминан 50 минг нафар одамни кўчириш режалаштирилган. Ўтган йил ёзида Эмомали Раҳмон 15 минг фуқаро бошқа ҳудудларда уй-жой ва ер участкалари олганини маълум қилган.

Шу билан бирга, расмийлар кўчирилганларга бир марталик моддий ёрдам сифатида ҳар бир кишига 10–20 АҚШ доллари миқдорида тўлов кўзда тутилганини билдирган. Уларга шунингдек 540 долларгача имтиёзли кредит олиш имконияти ҳам таклиф этилган.

Нашрнинг қўшимча қилишича, лойиҳа қиймати доимий равишда ўсиб бормоқда: 2008 йилда у 3 миллиард доллар деб баҳоланган бўлса, ҳозирда 6 миллиард доллардан ошган.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистоннинг энг йирик энергетика лойиҳаси ҳисобланади. Олтита агрегат йилига 13,1 миллиард кВт·соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳозирда қуввати 600 МВт бўлган иккита агрегат ишлаб турибди. Гидроэлектростанция қурилиши 2031 йил охиригача якунланиши режалаштирилган. Якунлангач, Роғун ГЭСи Марказий Осиёдаги энг йирик ГЭСга айланиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ