ЕТТБ Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суришга қўшилиш ниятида

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистонда таълим, соғлиқни сақлаш ва транспорт инфратузилмаси соҳаларида давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини илгари суриш ишларига қўшилиш ниятида.

Бу ҳақдаги келишув 18 июнь куни Шавкат Мирзиёевнинг ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашуви чоғида эришилди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасидаги стратегик шерикликнинг бугунги кунда мисли кўрилмаган даражада юқори экани алоҳида таъкидланди. Ҳозирда Ўзбекистон ЕТТБнинг Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади. Устувор йўналишлар бўйича лойиҳаларнинг умумий портфели 7 миллиард АҚШ долларидан ошган. Инвестицияларнинг асосий қисми хусусий секторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Шунингдек, ЕТТБ билан экологик тоза транспортни ривожлантириш ва темир йўл инфратузилмасини рақамлаштириш соҳаларида бир нечта янги келишувлар имзоланган.

Томонлар ҳамкорликни кенгайтириш режаларини муҳокама қилиб, асосий эътиборни ислоҳотлар дастурини амалга оширишга қаратдилар. 2026 йил учун қуйидаги устувор йўналишлар белгиланди:

▪️ кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини кенгайтириш, шу жумладан экспортни молиялаштириш;

▪️ аёллар ва ёшларни тадбиркорликка ўқитиш дастурларини амалга ошириш;

▪️ аграр-озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш;

▪️ банк-молия тизимини трансформация қилиш.

Шунингдек, Ўзбекистон лойиҳаларни тайёрлаш механизмларини такомиллаштириш ва уларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертларини жалб қилишни режалаштирмоқда.

ℹ️ Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон билан 1990-йиллар бошидан ҳамкорлик қилиб келади. 2007–2017 йиллар оралиғида томонлар ўртасидаги муносабатлар деярли тўхтаб қолган бўлиб, банк асосан мавжуд инвестиция портфелини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланган. ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 2017 йил кузида, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг ўз фаолиятини қайта тиклади. 2018 йил октябрь ойида банк Ўзбекистон бўйича стратегиясини қабул қилиб, мамлакатда бошланган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда кейинги беш йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилади. Орадан бир йил ўтиб, ЕТТБ республикадаги иккинчи офисини Андижон шаҳрида очди. Бу қарор мамлакатнинг энг зич аҳоли яшайдиган ҳудудига яқиндан кўмак бериш мақсадида қабул қилинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ