Эрон клубларини ҳимоя қилаётган ўзбекистонлик футболчилар трансфер ойнасидан ташқарида Ўзбекистон жамоаларига қўшилишлари мумкин. Бу ҳақда ЎзПФЛ директори Диёр Имомхўжаев маълум қилди, деб хабар беради Championat.Asia нашри.
Имомхўжаевнинг сўзларига кўра, Лига рўйхатга олишга тайёр, аммо кўп нарса ФИФА қарорига боғлиқ бўлади.
«Агар ФИФА худди Россия ва Украинадаги каби футболчиларга Эрон клубини бир томонлама тарк этиш ҳуқуқини берса ва Ўзбекистонга бошқа ассоcиация клубидан келадиган футболчини трансфер ойнасидан ташқари олишга рухсат берса, биз ўзимизнинг ўйинчилар учун рўйхатдан ўтишни очишга тайёрмиз. Бизда мавсум эндигина бошланди ва бу нарса ҳеч қандай спорт яхлитлигига тасир қилмайди. Барчаси Ўзбекистон терма жамоасининг манфаати йўлида бўлади», — деди Имомхўжаев.
Ҳозирда Эрон клублари рўйхатида бешта ўзбек, иккита тожик ва битта қирғиз футболчиси бор.
Championat.Asia. нашрининг хабар беришича, бешта ўзбек футболчисининг барчаси Эрондан ташқарида бўлиши мумкин. Узоқ вақтдан бери жароҳат олган Жалолиддин Машарипов операция қилинган ва Италияда тикланмоқда. Одил Ҳамробеков Тошкентга қайтган, Рустам Ашурматов Дубайга кетган ва Остон Урунов Туркияда. Игорь Сергеев ҳам чегарага йўл олган ва эҳтимол уни кесиб ўтган бўлиши ҳам мумкин.
Қирғизистонлик Жоэл Кожо жароҳат олган ва Бишкекда. «Фарғона» нашри малумотига кўра, тожикистонлик Ваҳдат Хонов ва Амадони Камолов ҳозирда Озарбайжонда.
Eurasia Football нашрининг хабар беришича, аксарият легионерлар фойдали шартномалар туфайли Эронда ўйнашда давом этишган. Энг сўнгги мисол — ҳужумчи Игорь Сергеевнинг Теҳроннинг «Персеполис» клубига ўтиши бўлди. У шу йилнинг январь ойида эронликлар таклиф қилган тахминан 50 000 евро маош эвазига Россиянинг «Крылья Советов» жамоасига қўшилишни рад этганди. Эрон клублари билан ишлайдиган агент Кова Тилавурнинг тушунтиришича, хорижий футболчилар АҚШ ва Исроил «стадионларни бомбардимон қилмаслигига ва футболчилар асосан шаҳарлардан ташқарида яшашларига» амин бўлишган.
ℹ️ Исроил ва АҚШнинг Эронга қўшма ҳужуми 28 февраль куни эрталаб бошланди ва сўнгги йилларда икки томон ўртасида энг катта тўғридан-тўғри ҳарбий эскалацияга айланди. Исроил «олдиндан огоҳлантирувчи зарба» берилганини эълон қилди ва Вашингтон кейинчалик ўз иштирокини тасдиқлади ва операциянинг мақсади Эроннинг ядровий ва ракета дастурлари келтириб чиқарадиган таҳдидларни бартараф этиш экани айтилди. Бунга жавобан Ислом Республикаси Исроил ва АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Яқин Шарқ мамлакатларига қарши ҳужумлар уюштирди. Тўқнашувларда бир неча юз киши, жумладан, Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди.



