Халқаро Олимпия қўмитаси делегацияси Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

ХОҚ делегацияси. Марказ матбуот хизмати фотосурати

Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) делегацияси, жумладан, таниқли венгриялик сузувчи ва Олимпия чемпиони Даниэл Дьюрта Ўзбекистон Ислом цвилизацияси марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида делегация аъзолари Исломдан аввалги давр бўлимида жойлашдан шахмат доначалари, Амир Темур шахмати, Темур тузуклари каби экспонатлар мазмун-моҳияти, уларнинг давр ва макон билан боғлиқ жиҳатларига қизиқиш билдирди.

«Менимча Марказ ўтмиш билан келажак ўртасида ўзига хос бир кўприк бўла олади. Шу жиҳатдан у ёшлар учун ниҳоятда фойдали ва қизиқарли. Чунки ёшлар бу музейнинг шунчаки томошабини эмас, балки унинг бир қисми бўлиши, жараёнларда фаол иштирок этиши мумкин. Бу эса ёш авлод учун жуда муҳим. Ўзбекистон спорт соҳасига жуда катта эътибор қаратмоқда ва салмоқли сармоя киритмоқда. Бир неча ҳафта аввал бу ерда Олимпия қўмитасининг Бош ассамблеяси бўлиб ўтди ва у жуда муваффақиятли ташкил этилди. Шунингдек, спорт учун замонавий инфратузилма ва иншоотларга катта маблағ йўналтирилаётгани яққол кўриниб турибди. Аминманки, бундай эътибор ва саъй-ҳаракатлар натижасида ютуқлар йилдан-йилга янада ошиб боради», — деди Дьюрта.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ