Сурхондарёнинг минг гектар майдонида Испаниянинг Альмерия ҳудуди тажрибаси асосида иссиқхоналар қурилади

Альмериядаги иссиқхоналарнинг юқоридан кўриниши. travelask.ru сайти фотосурати

Сурхондарё вилоятида Испаниянинг Альмерия ҳудуди тажрибаси асосида 1000 гектар майдонда қуёш энергияси билан иситиладиган иссиқхоналар қурилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

«Қуёш» иссиқхоналарини қуришни ўз зиммасига олган тадбиркорларга ер 5 йилга бепул ижарага берилади ва улар ер ости суви учун тўловдан 3 йилга озод қилинади.

Бу қарор Сурхондарёнинг иқлим шароити туфайли қабул қилинди: бу ерда иссиқхонадан маҳсулот олиш Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига қараганда икки-уч баравар арзонга тушади. Вилоятдаги 35 минг гектар хусусий томорқаларда йилига уч-тўрт марта ҳосил йиғиб олинади — бу мамлакат учун ноёб кўрсатгичдир.

Президент Термиз туманидаги «Томорқа мактаби»нинг ижобий тажрибасини бутун Сурхондарёга ёйиш вазифасини ўртага қўйди. Шу муносабат билан Ангор, Узун, Деновда ҳам «Томорқа мактаблари»ни ташкил этиш, ҳар бир вилоятда 2 тадан «Инновацион томорқа мактаблари»ни ишга тушириш топширилди.

Мирзиёев вилоятда фойдаланилмай турган яна бир катта имконият — яйловлар эканини таъкидлади. Жумладан, Бойсунда 197 минг гектар яйлов борлиги, агар Дарбанд дарёсидаги насослар тикланиб, сув чиқарилса, 10 минг гектар яйловни фойдаланишга киритиш имкони мавжудлиги айтилди.

Захирадаги яйлов ерларини ўзлаштириш учун бошланғич нарх норматив қийматнинг 1 фоизи миқдорида белгиланиб, аукционга чиқарилиши таъкидланди. Аукциондан ер олган тадбиркорларга 10 йилга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит ажратилиши, ҳар ўн гектарга сув олиб келиш учун 120 миллион сўмгача (тахминан 10 000 доллар) субсидия берилади.

ℹ️ Альмерия — Испаниянинг жануби-шарқидаги қурғоқчил иқлим ва минимал ёғингарчиликка эга бўлган вилоятидир. Ёпиқ сабзавот етиштириш тизимлари билан тажрибалар бу ерда 1960-йиллари бошланган. Мўл қуёш нури, юмшоқ иқлим ва инновацион суғориш усулларининг уйғунлиги иссиқхоналарни тезда маҳаллий иқтисодиётнинг ўзагига айлантирди.

Бугунги кунда минтақанинг иссиқхона майдони 30 000 гектардан ошади — бу Европадаги энг катта ҳимояланган қишлоқ хўжалиги зонаси. Иссиқхоналар ҳатто космосдан ҳам кўриниб туради, шунинг учун бу ўлка «Пластик денгизи» номини олган. Ишлаб чиқариш йил давомида томчилатиб суғориш, биологик зараркунандаларга қарши кураш ва микроиқлимни назорат қилиш усулларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Маҳсулотлар Германия, Франция, Буюк Британия ва Скандинавия мамлакатларига экспорт қилинади.

  • Тошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади