Қозоғистон Бош прокуратураси маҳаллий собиқ амалдорлар ва америкалик молиячи Жеффри Эпштейн ўртасидаги алоқаларни, жумладан, унинг республика Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Карим Масимов билан алоқаларини текширишни бошлаган. Бу ҳақда Бош прокурор Берик Асилов Сенат мажлисида маълум қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz.
«…Бу масалани бутун дунё муҳокама қилмоқда. Шунинг учун биз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сифатида алоқалар бўлганми ёки йўқ, шуни текширяпмиз», — деди у. Асилов аниқ бир кимсанинг исмини айтмаган. Бироқ, Эпштейннинг Карим Масимов билан алоқаларини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқдами, деган саволга у: «Дастлабки терговни бошладик», деб жавоб берган.
Назорат маҳкамаси раҳбари Эптейннинг муқаддам Қозоғистонга эҳтимолий ташрифига оид текширув ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
25 февраль куни Қозоғистон парламенти Мажилисининг (қуйи палатаси) Миллий социал-демократик партияси (МСДП) аъзолари Бош прокуратура ва Миллий хавфсизлик қўмитасига сўровнома юбориб, улардан собиқ юқори лавозимдаги қозоғистонлик амалдорлар ва Эпштейн ўртасидаги ҳамкорликни текширишни, шунингдек, унинг Қозоғистонга ташрифи ҳақидаги ОАВ хабарларини текширишни сўрашган. «Карим Масимов номи ёзувларда камида саккиз марта тилга олинган. Ёзувларда Эпштейн ва Масимов шахсан таниш бўлганлиги аниқ кўрсатилган», — дейилади сўровда.
МСДП депутати Асхат Раҳимжанов Мажилий сессиясида таъкидлашича, хорижий ОАВ эътиборини, шунингдек, Эпштейн ва Қайрат Келимбетовнинг (Миллий банкнинг собиқ раиси) Нью-Йоркда бирга таътил ўтказгани жалб қилган.
Ушбу баёнотга изоҳ бераркан, Бош прокурор Берик Асилов бу ҳолат «қўшимча текширувдан ўтказилишини» таъкидлади.
Эпштейн 2019 йил 6 июлда Нью-Йорк штати ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳибсга олинган. Прокуратура 2002 ва 2005 йиллар оралиғида у Манхеттендаги уйига ўнлаб вояга етмаган қизлар, уларнинг энг кичиги 14 ёшда бўлган, ташрифини уюштирганина оид далилларга эга эканини маълум қилган. Эпштейннинг дўстлари ва танишлари орасида нафақат АҚШдан, балки бошқа кўплаб мамлакатлардан келган кўплаб амалдаги ва нафақадаги амалдорлар, етакчи тадбиркорлар ва шоу-бизнес юлдузлари бўлган. Молиячига қарши қўзғатилган жиноий ишлар 2019 йил август ойида Эпштейннинг қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилганидан сўнг тўхтатилган.



