Собиқ руҳоний Иаков Воронцов Олмаотада қамоқ муддати тугаганидан сўнг яна ҳибсга олинди

kaztag.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда Рус православ черковига бўйсунмайдиган алоҳида черков ташкил этишга уринаётгани учун босимга учраётганини хабар қилган РПЧ собиқ руҳонийси Иаков Воронцов бугун ўн кунлик маъмурий қамоқ муддатини якунлади, аммо озодликка чиқмади, деб хабар беради КазТАГ.

Собиқ руҳоний адвокати Галим Нурпеисовнинг сўзларига кўра, унинг мижози 23 февраль куни эрталаб жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида 72 соатга ушлашган. Тез орада унга нисбатан ушлаб туриш чораси белгиланади. Воронцов Қозоғистон Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича айбланмоқда: 302-модда (гиёҳванд моддалар истеъмоли учун яширин жой ташкил этиш) ва 296-модда (сотиш ниятисиз гиёҳванд моддаларни сақлаш).

Воронцов — Рус православ черковининг Остона ва Олмаота епархияси собиқ иеромони. У Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси ва Рус православ черкови раҳбариятини танқид қилганидан сўнг диний унвонидан маҳрум бўлган ва лавозимидан четлаштирилган.

Собиқ руҳоний 13 февраль куни Олмаотада полиция ва махсус кучлар гуруҳи томонидан тунги тинтув ўтказилгандан сўнг ҳибсга олинган. Унинг уйидан қандайдир бир кукун топилгани айтилади. Полиция Воронцовни тиббий бўлмаган гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишда айблади ва суд уни 10 кунлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Кейинчалик полиция собиқ руҳонийни «гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш учун яширин жой ташкил қилиш»да айблаб, тергов бошлаганини маълум қилган.

«Менинг уйимда ҳеч қачон яширин жой бўлмаган. (...) Уйимдан топилган кукун менга тегишли эмас. Менимча, бу нарса қасос олиш ва обрўсизлантириш мақсадида атайин уйимга ташлаб қўйилган. Бундан ким фойда кўришини ва ким буюртма берган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас. Мени ёлғон ва туҳмат билан обрўсизлантиришга уринаётган кимсаларни ҳамма билади. Менга қарши ким жиноий қасос олишга чорлаганини ҳамма билади», — деб ёзган Воронцов изолятордан четга чиқарган ва ҳамфикрлари томонидан ижтимоий тармоқда чоп этилган мактубида.

Сўнгги йилларда Воронцов диний бирлашмани рўйхатдан ўтказиш учун Қозоғистон Адлия вазирлигига бир неча бор мурожаат қилган, аммо ҳар доим рад жавобини олган. Ҳибсга олинишидан аввал, у мазкур қарорга қарши судга шикоят аризаси топширгани маълум бўлганди.