Қирғизистон президенти Ташиев истеъфоси сабабларини тушунтириб берди

Қамчибек Ташиев (чапда) ва Садир Жапаров. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Камчибек Ташиевни Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси лавозимидан озод қилиш орқали дўстини қутқарганини ва мамлакатда бўлинишнинг олдини олганини айтди.

Давлат раҳбари «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида бўлиниш жараёни Жогорку Кенешда (Қирғизистон парламенти) бошланганини айтди. Парламент аъзоларининг айрим гуруҳлари депутатларни чақириб, улардан: «Сен биз томондамисан ёки у томондамисан?» дея сўрай бошлаганлар. «Биз томон» киму, «бошқа томон» ким эканига қизиққан депутатларга погонни кўрсатиб, дейишган: «Биз томон — бу генерал томони, у томон — президент томони».

Шундан сўнг, бўлиниш кўчадаги «оқсоқоллар»га ўтган. Улар муддатидан олдин сайловлар учун имзо тўплашни бошлаганлар, «бу масаласа энг юқори даражада келишиб олинган» ва Жогорку Кенеш яқин орада муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилади, дея одамларни чалғита бошлаганлар.

«Агар мен ўз вақтида бундай қатъий чоралар кўрмаганимда, бу оддий фуқароларга ҳам тарқалиши мумкин эди ва халқ ҳам иккига бўлинишни бошлаган бўларди», — деб тушунтирди президент.

У депутатлар ва айрим давлат хизматчилари қўрқитилганига оид далилларга эга эканини таъкидлаган.

«Уларга айтишган: агар биз томонга ўтмасанг, генерал сен билан шуғуллана бошлайди», — дея қўшимча қилган давлат раҳбари.

Жапаров истеъфо борасида қарор қабул қилишдан олдин Ташиевга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирганини ва уни лавозимидан озод қилишини айтганини таъкидлайди.

«Менимча, бундай тезкор қарор билан мен, аксинча, дўстимни қутқариб қолдим. Чунки унга яқин кимсалар – уларни «оқсоқоллар» деймизми ёки «кўксоқоллар» деймизми — ҳар қандай ҳолатда ҳам улар дўстимни йўлдан оздиришган», — деди президент.

Унинг фикрича, агар Ташиев лавозимидан озод қилинмаганида, тартибсизлик келтириб чиқарувчиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳукумат мулозимлари ва жамият ўртасида низоларга, шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликларга олиб келиши мумкин эди.

«Давлатдаги барқарорлик мен учун энг муҳими», — деди Жапаров.

Жапаров ва Ташиев «эки дос» («икки дўст») ўртасидаги дўстлик давом этадими деган саволга президент ижобий жавоб берган. «Дўстлигимизни бирон бир лавозим ёки бирон бир манфаат билан боғлаш нотўғри», — дея қўшимча қилган Жапаров.

У Конституция президентни давлат яхлитлигини, халқ бирлигини ва давлат хизматчиларини сақлашга мажбур қилишини эслатди. 2021 йилда халқнинг аксарияти унга мамлакат тақдирини ишониб топширган ва уни президент этиб сайлаган.

«Мен бу вазифани қатъий бажардим. Чунки давлат ва бутун халқ манфаатлари лавозимлардан ва дўстликдан юқори туради», — деб таъкидлайди Қирғизистон президенти.

ℹ️ Садир Жапаров 10 февраль куни Камчибек Ташиевнинг Бош вазир ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари лавозимидан озод қилинганини маълум қилди. Ўша пайтда Ташиев Германияда тиббий кўрикдан ўтаётган бўлган. Собиқ Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, унинг ишдан бўшатилиши ҳақидаги хабар кутилмаган бўлган. Бироқ, у ҳар қандай вазиятдан қатъи назар, президент қарорлари бажарилиши кераклигини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Нима учун Ўзбекистон яна бир бор газ тақчиллигига дуч келгани ва яна бир бор ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини чеклагани ҳақида

  • Япония беш йил ичида Марказий Осиё мамлакатларидаги лойиҳаларга тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритади

  • Россия матбуоти «нато» снарядлари туфайли Қозоғистонга ҳужум қила бошлади

  • Марказий Осиё республикаларининг Япония билан яқинлашувида кўз илғамас масалалар бор