Сиргак Бердиқўжоев Қирғизистон Давлат муҳофазаси хизмати (ДМХ) раиси этиб тайинланди. Президент Садир Жапаров тегишли фармонни 11 февраль куни имзолади.
Очиқ манбаларда Бердиқўжоев ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Фақатгина 2016 йили у Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Терроризмга қарши кураш марказининг бош инспектори бўлиб ишлагани маълум.
Бердиқўжоевнинг янги лавозимидаги илк баёнотларидан бири — собиқ Бош вазир ўринбосари ва МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев шахсий хавфсизлик чораларисиз қолмаслиги бўлди.
«Фуқароларнинг ижтимоий тармоқларда Қамчибек Ташиевнинг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлари тегишли давлат идоралари томонидан ҳисобга олинмоқда. Президент Садир Жапаров зарур кўрсатмалар берди. Қамчибек Ташиев илгари ҳимояланган шахс бўлган ва кейинчалик ҳам унинг шахсий хавфсизлиги чоралари белгиланган тартибда таъминланади», — деди ДМХ бошлиғи.
ℹ️ Давлат муҳофазаси хизмати 10 февралда ташкил этилди. У тўғридан-тўғри президентга бўйсунади.
ДМХ ташкил этилишидан олдин Қамчибек Ташиев ва МХДҚ раҳбарининг уч нафар ўринбосари истеъфога чиқди, бу ҳақда ўша куни эълон қилинди. Жапаров ушбу қарорни миллий бирликни мустаҳкамлаш ва жамиятда бўлинишнинг олдини олиш истагида амалга оширганини тушунтирди. Бироқ, бўлиниш ҳақида гапираркан, президент Ташиевни эмас, балки «ҳаракатлари жамиятда салбий вазиятнинг пайдо бўлишига шароит яратаётган» бир нечта жамоат арбобларини назарда тутган.
Жумгалбек Шабданбеков Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Рустам Мамасадиқов унинг биринчи ўринбосари бўлди. МХДҚ раҳбарининг яна икки ўринбосари ҳам тасдиқланди: Алишер Эрбаев Терроризмга қарши кураш маркази директори, Уранбек Шадибеков Киберхавфсизликни мувофиқлаштириш маркази раҳбари этиб тайинланди.



