Хўжандда замонавий футбол академияси қурилади

Қурилиш режаси. avesta.tj сайти фотосурати

Тожикистоннинг Сўғд вилояти Хўжанд шаҳрида футбол академияси мажмуаси қурилади. Бу ҳақда Хўжанд маъмурияти расмий сайтида хабар берилди.

Иншоот тамал тошини қўйиш маросимида Сўғд вилояти ва Хўжанд раҳбарлари, шунингдек, спорт мулозимлари иштирок этишди.

Режага кўра, Хўжанд футбол академияси мажмуаси маъмурий бино, иккита катта ва иккита кичик футбол майдончаси, ёпиқ арена, сузиш ҳавзаси ва спорт залини ўз ичига олади. Қурилиш лойиҳаси шаҳарнинг капитал қурилиш бошқармаси томонидан буюртма қилинади ва Хўжанд маъмурияти лойиҳани молиялаштиради.

Шуни таъкидлаш лозим, бу шаҳар Тожикистон Премьер-лигасида иккита футбол клуби: «Хўжанд» ва «Эсхата»ни тақдим этади. Сербиялик мураббий Милан Миланович яқинда «Хўжанд» бош мураббийи этиб тайинланди ва жамоага тўртта сербиялик футболчини олиб келди.