Қирғизистон Президенти: Урушдан кўра, йўлдаги аварияларда кўпроқ одамлар ҳалок бўлмоқда

Норин вилояти, Қўчқор туманидаги юз берган аварияда икки одам ўлган. Қирғизистон ФВВ матбуот хизматининг архив фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда ҳар йили 900 дан ортиқ одам йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлаётгани, баъзи йилларда эса бу кўрсаткич 1000 нафардан ошаётганини айтди, деб хабар беради «Кабар» агентлиги.

«Бу улкан фожиа. Урушда ҳам бунчалик кўп одам ўлмайди. Лекин биз биргина йўл-транспорт ҳодисаларида юзлаб одамларни йўқотяпмиз», — деди давлат раҳбари агентликка берган интервьюсида.

Жапаровнинг сўзларига кўра, йўлларда кўплаб одамларнинг ўлаётганига асосий сабаблар — ҳайдовчиларни тайёрлашдаги коррупция, ҳайдовчилик гувоҳномаларини сотиб олиш, сифатсиз таълим ва масъулиятизликдир.

Президент барча хусусий ҳайдовчилик мактабларини давлат назоратига ўтказишни ўз ичига олган ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини кенг кўламли ислоҳ қилиш сабабларини тушунтирди. Унинг таъкидлашича, СССР парчаланганидан бери бу соҳада жиддий ислоҳотлар амалга оширилмаган ва соҳа «бутунлай коррупция ботқоғига ботган».

«Қанча раҳбарлар ўзгармасин, очиғи, уларнинг деярли барчаси коррупция схемаларига алоқадор эди», — деди Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, хусусий ҳайдовчилик мактабларининг аксарияти юқори сифатли ҳайдовчилик таълимини беришга қизиқмайди, билакс, фақат фойда олишни кўзлайди. Фуқаролар ҳайдовчилик мактабларига ҳужжат топшириб, маълум бир муддатдан сўнг ўқув сертификатини олишади ва кейин ҳатто имтиҳонларни топширмасдан ҳам «Унаа» давлат корхонасидан ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олишади.

«Илгари ҳеч ким ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун амалий ёки назарий имтиҳонлардан йиқилмасди. Чунки улар ҳужжатни пулга сотиб олишган», — деб тушунтирди Жапаров.

«Унаа» устидан қатъий назорат ўрнатилгандан сўнг, вазият ўзгарди. Хусусий ҳайдовчилик мактаблари битирувчилари бир неча бор уринишдан сўнг ҳам имтиҳондан ўта олмаяптилар.

«Одамлар 10-15 марта имтиҳон топшириб ҳам йиқилишган. Нима учун? Чунки уларга етарли билим берилмаган, уларни ўқитишмаган ва бунга қизиқишмаган ҳам», — деди президент.

Жапаровнинг хабар беришича, расмийлар хусусий ҳайдовчилик мактаблари эгаларини 2026 йилдан бошлаб лицензиялар берилмаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Бироқ, кўпчилик аввалгидек фаолият юритишда давом этган.

«Улар учун 10 кун бўлсаям ўқитиб, сертификат бериш фойдали. Чунки пул уларнинг чўнтагига оқиб тушяпти, ҳайдовчиларни тайёрлаш эса иккинчи даражали бўлиб қолган», — деб тушунтирди президент.

Давлат ҳайдовчилик мактаблари замонавий ўқув иншоотлари, янгиланган ускуналар ва малакали мутахассислар каби зарур шароитлар билан таъминланади. Ҳайдовчилар транспорт воситаларини лойиҳалашдан тортиб, йўл ҳаракати қоидалари ва йўл ҳаракати маданиятигача бўлган кенг қамровли тайёргарликдан ўтадилар.

«Бу ерда биринчи ўринда фойда эмас, инсонн ҳаёти туради», — деди Жапаров.

Президент давлат ҳайдовчилик мактабларида ўқиш қиммат экани ҳақидаги хабарларни рад этди. У 100-150 минг сом (1140-1700 доллар) миқдоридаги суммани «ёлғон» деб атади ва буни ўз мактабларини сақлаб қолишга уринаётган хусусий бизнес эгаларининг манипуляцияси деб атади.

Ўқув муддатини узайтириш ҳақида гапирар экан, Жапаров 10 ой юқори сифатли тайёргарлик учун энг мақбул давр бўлишини таъкидлади.

«Инсон умрида бир марта ҳайдовчилик гувоҳномасини олади. Шунинг учун, агар сиз бироз кўпроқ ўқисангиз, ўзингиз учун яхшироқ бўлади», — деди президент. Унинг қўшимча қилишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олганлар ҳар куни транспорт бошқарувини эплолмай, ўзгалар ҳаётига зомин бўлмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари 2026 йил сентябрь ойидан бошлаб мактаб ўқув дастурига йўл ҳаракати хавфсизлиги ва ҳайдовчилик дарслари киритилишини маълум қилди. Мактаб битирувчилари қўшимча тайёргарликсиз дарҳол имтиҳон топшириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари мумкин бўлади.

Давлат ҳайдовчилик мактаблари мактаб ёшидан ўтганларни ўқитади. Расмийлар хусусий ҳайдовчилик мактабларида ишлаган мутахассисларни давлат муассасаларига ишга ёллашга ваъда бермоқда.

Жапаров фуқароларни манипуляцияга берилмасликка чақирди.

«Ўз шахсий манфаатлари йўлида одамларни лақиллатаётганларга қўшилманг. Бироз вақт ўтгач, ҳамма нарса тўғри ва ўз йўлига тушиб кетади. Бу вақт талаб этади», — жея ҳулоса қилади Қирғизистон президенти.

ℹ️ Қирғизистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш 2026 йили бошланди. Ўтган йилги маълумотларга кўра, мамлакатда тахминан 340 та ҳайдовчилик мактаби фаолият юритган: улардан 74 таси давлат ва 266 таси хусусий бўлган. Ўқиш учун тўловлар 15 000 дан 20 000 сомгача (171-229 доллар) бўлган. Амалий машғулотлар учун алоҳида ҳақ тўланган — ҳар бир дарс учун 600 дан 900 сомгача (7-10 доллар). Ўқиш муддати 2,5 ойни ташкил этган.