Дубай суди оммавий муштлашувда иштирок этган саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросига умрбод қамоқ жазоси берди

qalampir.uz сайтида берилган Дубайдаги оммавий муштлашув видеоёзувидан кадр

Дубай суди оммавий муштлашув иши бўйича саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросига умрбод қамоқ жазосини берди ва яна бирини 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурханов хабар берди.

Ҳукм 21 январь куни эълон қилинди.

«Ҳозирда, тегишли идоралар ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан вазиятни тўлиқ ўрганиш ва фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда», — деб ёзади Бурханов ўзининг Telegram-каналида.

2025 йил апрель ойида Дубайдаги ёқилғи қуйиш шохобчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокидаги оммавий муштлашув содир бўлган. Яқин атрофда бўлган полиция ходими воқеага гувоҳ бўлган. Khaleej Times нашрининг хабар беришича, воқеа иштирокчилари иккита машинада келишган. Бир киши шиналарни текшириш учун машинадан тушган, аммо у бошқа машинаги одамлар томонидан уриб ўлдирилган. Марҳум билан бирга келган эркак қочишга уринган, аммо у ҳам ўлдирилган.

Видеокузатув камералари тасвирлари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари полицияга воқеаларни қайта тиклашга ва унинг барча иштирокчиларини аниқлашга ёрдам берган. Тезкор ҳаракатлар натижасида 11 иштирокчи ҳибсга олинган, улар бошқа амирликдаги меҳмонхонадан топилган. Сўроқ пайтида ҳибсга олинганлар ўз айбларини тан олишган ва жанжал сабаби сифатида марҳум билан бўлиб ўтган аввалги можарони тилга олишган.

Апрель ойи охирида Ахрор Бурханов Дубай ҳуқуқ-тартибот идоралари жанжал билан боғлиқ 15 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олганини хабар қилганди. Шу билан бирга, БАА расмийлари Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилган ноқонуний фаолиятлар сони ортиб бораётгани сабабли БАА Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз киришни бекор қилиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

ℹ️ Апрель воқеасидан бироз олдин, 2025 йил март ойи охирида, БААда раввин Цви Коганни ўғирлаш ва ўлдиришда айбланиб, уч нафар Ўзбекистон фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинганди ва тўртинчи судланувчига умрбод қамоқ жазоси берилганди. Ушбу иш бўйича гумондорлар ҳибсга олингандан сўнг, ўнлаб Ўзбекистон фуқаролари Абу-Даби аэропортига етиб келганларидан сўнг ушлаб турилган, сўроқ қилинган ва уларнинг аксариятига мамлакатга киришга рухсат берилмаган.