Олмаота шаҳрининг Бостандиқ туман суди ёлғон маълумотларни тарқатишда айбланаётган ORDA.kz. бош муҳаррири Гулнора Бажкенованинг ҳимоячиси Мурат Адамни адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилди, деб хабар беради ORDA.kz.
Даъво аризаси Адлия вазирлиги томонидан берилган. Вазирлик унинг лицензиясини Ички ишлар вазирлигининг илтимосномаси асосида бекор қилишни сўраган, ИИВ эса ўз навбатида Мурат Адам ижтимоий тармоқларда Гулнора Бажкенова иши бўйича терговга оид ёлғон маълумотларни тарқатганини даъво қилган.
Томонлар далилларини кўриб чиққандан сўнг, суд даъволарни асосли деб топган ва уларни қондирган. Мурат Адам ва унинг ҳимоя гуруҳи ҳукмга мутлақо қўшилмаслигини билдирди.
Vласть.kz хабарига кўра, даъво аризаси ижтимоий тармоқлардаги 16 та постга асосланган. Бу постларда адвокатнинг ишга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши, мижозининг ноқонуний уй қамоғига олиниши, қийноққа солиниши, адвокат иштирокисиз имзо чекишга мажбурланиши ва Бажкенованинг офисда ноқонуний ҳибсга олиниши, шунингдек, тергов судлари томонидан назорат йўқлигига оид маълумотлар бўлган. Буларга Адам муаллифлик қилмаган деб даъво қилган нашрлар ҳам киритилган.
Ўз постларидан бирида Адам ORDA.kz таҳририяти ва Гулнора Бажкенова квартирасида олиб борилган тинтувлар пайтида уни тергов ҳаракатларига киритишмаганини айтган. Вазирлик уни ёлғон маълумот жойлаштирган деё ҳисоблаган, чунки у ўша пайтда ҳимоячи сифатида иштирок этиши ҳақида хабар бермаган ва суд жараёнида иштирок этмаган. Бироқ, Адам суд мажлисида таҳририятга керакли хабарнома билан келганини айтган. Буни Олмаота шаҳар адвокатлар ассоциациясининг гувоҳи ҳам тасдиқлаган.
Бошқа постда даъвогарлар терговчиларга нисбатан муносабатни ноўрин деб ҳисоблашган. Бу Адамнинг постига тегишли бўлиб, унда тинтув куни «у ерда, дейиш мумкинки, ўзларини таништиришдан бош тортган баъзи бандитлар турганди» дейилган.
Яна бир постда Адам Қозоғистон Жиноят кодексининг 274-моддасини (қасддан ёлғон маълумот тарқатиш) декриминаллаштириш зарурлиги ҳақида ёзган, бу «ҳокимиятимиз томонидан мустақил оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигини бостириш учун жазолаш мақсадида фойдаланилмоқда», деган. Адлия вазирлиги вакиллари ҳам ушбу мақолани нотўғри деб топганлар.
Гулнора Бажкеновага қарши тергов ўтган йил декабрь ойида бошланган. Хабар қилинишича, бу иш «қасддан ёлғон маълумотни такрорий ва қасддан тарқатиш» билан боғлиқ. ORDA.kz бош муҳаррири ҳозирда уй қамоғида.



