Reuters агентлиги КҚК терминали яқинида нефть танкерлари дронлар ҳужумига учраганини хабар қилди

depositphotos.com сайти фотосурати

Сешанба, 13 январь куни Қозоғистон нефть экспортининг тахминан 80 фоизини бошқарадиган Каспий қувурлари консорсиуми (КҚК) терминали яқинида бир нечта нефть танкерларига дронлар ҳужум қилган. Бу ҳақда Reuters агентлиги манбалари хабар қилган.

Агентликнинг дастлабки хабарларида юнон компаниялари томонидан бошқариладиган Delta ‍Harmony ва Matilda танкерларига ҳужум қилингани кўрсатилган. Улар «Тенгизшевройл» ва КРО консорциумидан нефть юклашлари керак бўлган. Кейинчалик Reuters Каспий қувурлари концорциуми томон йўл олган Freud ⁠ва Delta Supreme кемаларига дронлар ҳужум қилганини хабар қилди.

«Шундай қилиб, 13 январь куни дронлар ҳужумига дучор бўлган КҚК нефти билан ишлайдиган кемалар сони тўрттага етди», — дейилади хабарда.

Matilda танкерини бошқарадиган Thenamaris компанияси вакили агентликка терминалдан 30 мил узоқликда кемага иккита дрон ҳужум қилганини тасдиқлаган.

«Ҳеч ким жабрланмаган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кема палубаси тузилмаларига озгина зарар етган, улар тўлиқ таъмирланиши мумкин. Кема денгизга чиқишга яроқли ва ҳозирда ушбу ҳудудни тарк этмоқда», — деган компания вакили.

Денгиз хавфсизлиги соҳасидаги икки манба Reutersга ҳужумга учраган бошқа кема — Delta ‍Harmony бортида ёнғин чиққанини, аммо тезда ўчирилганини айтган. Ҳозирда Freud ⁠ва Delta Supreme танкерларига етказилган зарар кўлами ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

КҚК Қозоғистоннинг ғарбий қисмидаги Тенгиз конини Новороссийск яқинидаги Южная Озереевка денгиз терминали билан боғлайди. КҚК акциядорлари орасида Россия (31%), Қозоғистон (20,75%), Chevron (15%) ва хусусий компаниялар бор.

Ноябрь ойи охирида Украина дронлари Новороссийскдаги Каспий қувурлари консорсиуми терминалига ҳужум қилиб, №2 бардошли лангар ускунасини ишдан чиқарди ва бу ҳолат Қозоғистон нефть экспортининг камайишига олиб келди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги КҚКга қилинган ҳужумлар натижасида 480 000 тонна нефть қазиб олиш йўқотилганини маълум қилди. Расмийлар ҳозирда нефть қазиб олишни қисқартиришни четлаб ўтиш мақсадида муқобил экспорт йўлларини фаол излашмоқда.