Самарқанд вилоятида инфратузилмаларни таъмирлаш ишлари «яшил» иқтисодиёт тамойилларига мувофиқ амалга оширилади

wikimedia.org сайти фотосурати

Самарқанд вилоятида 2026 йилда кенг кўламда йўл ва инфратузилмаларни реконструкция қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, қурилиш ва таъмирлаш ишлари «яшил» иқтисодиёт тамойиллари асосида амалга оширилади ва минимал энергия самарадорлиги талабларига жавоб беради. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида айтилган, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатда Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мақсадли дастур тасдиқланди.

Жумладан, унда 298 километрлик халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни, шунингдек, 15 та йўл ўтказгичларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш кўзда тутилган.

Энергия таъминоти соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар режалаштирилган. Ушбу дастурда 14 та туман (шаҳар)да 1 та подстанцияни таъмирлаш, 70 та трансформатор пунктини ўрнатиш, 137 км электр тармоқларини янгилаш ўрин олган.

Бундан ташқари, Президент фармонида ичимлик суви ва оқова сув тизимини яхшилаш учун 14 та туманда 90 та сув иншооти, 242 км сув тармоғини қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган.

Келгуси йил 1 июлдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари тўлиқ туман (шаҳар) сув корхоналари ихтиёрига ўтказилади.

Шу билан бирга, сув тежовчи технологияларни жорий этиш мақсадида талабгорларга пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун белгиланган тартибда ҳар бир гектарига 12 млн сўмдан (тахминан 1000 доллар) субсидия берилади.

Шунингдек, 2026/2027-ўқув йилидан Каттақўрғон давлат педагогика институтида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети билан ҳамкорликда муҳандислик йўналишлари бўйича факультет ташкил этиш чоралари кўрилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ