Андижон вилоятида маҳаллий фуқаронинг Россия томонидан Украина ҳудудида эълон қилинган махсус ҳарбий операция (МҲО)да иштирок этгани бўйича ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Uznews.uz нашри хабар берди.
Иш материалларига кўра, 2022 йил декабрь ойида 25 ёшли И. Х. ишлагани Россияга кетган ва у ерда курьер бўлиб ишлаган. 2023 йил январь ойида у ҳибсга олинган ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган.
2024 йил август ойида қамоқда бўлганида И. Х. Россия Қуролли Кучлари билан шартнома имзолаган ва уни Украинадаги уруш зонасига юборишган. Донецк яқинидаги жанглар пайтида ўзбекистонлик фуқаро оғир яраланган. Кейин у ҳарбий госпиталларда узоқ вақт даволанган ва 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келган. Бу ерда уни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳибсга олган.
Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди И. X.ни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси («Ёлланиш») 1-қисми билан айбдор деб топди ва унга беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қарорда таъкидланишича, суд айбланувчининг ёш эканини, Ўзбекистонда илгари судланмаганлигини, айбини тан олганини ва ижобий характеристикага эга эканини, шунингдек, олган жароҳатлари туфайли соғлиғининг ёмонлигини ҳисобга олган. Охир-оқибат, жазо икки йиллик синов муддати билан шартли жазога алмаштирилган.
ℹ️ «Фарғона» Ўзбекистонда ёлланиш моддаси бўйича жиноий ишлар қўзғатилаётгани ҳақида бир неча бор ёзган. Айрим судланганлар қамоқ жазосини олишган, айримлари озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Шу йилнинг ноябрь ойида Давлат хавфсизлик хизмати 2022 йилдан бери Ўзбекистонда фуқароларнинг хориждаги қуролли можароларда иштирок этганига доир 338 та жиноий иш қўзғатилганини хабар қилди.



