Қирғизистон президенти Садир Жапаров Алмазбек Атамбаевни барча давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Собиқ президент Қирғизистон Республикасининг энг олий мукофоти — «Кыргыз Республикасынын Баатыры», II даражали «Манас» ва «Данакер» орденлари ҳамда «Данк» медалидан маҳрум қилинди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Суд ижрочилари хизматига Атамбаевнинг давлат мукофотлари ва унга илова қилинган ҳужжатларни мусодара қилиш ва уларни давлат мукофотлари фондига ўтказиш топширилди.
Фармон Бишкекнинг Первомайский туман суди томонидан 2025 йил 3 июнда чиқарилган ҳукмни бажариш мақсадида имзоланди. Ўшанда Атамбаев Қўй-Тош воқеалари муносабати билан мол-мулки мусодара қилинган ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган ҳолда сиртдан 11,5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Жапаров ҳукмни қаттиқ деб атади ва агар Атамбаевнинг вакиллари ҳукуматга мурожаат қилса, судланган шахсни авф этишга тайёрлигини билдирганди.
ℹ️ Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан 2017 йилгача Қирғизистон президенти бўлган. 2019 йил август ойида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус кучлари Алмазбек Атамбаевни Бишкек яқинидаги Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида ҳибсга олишга уринган. Аммо сиёсатчининг тарафдорлари хавфсизлик кучларига қаршилик кўрсатган. Натижада бир нафар махсус кучлар зобити ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам яраланган.
Қўй-Тош воқеалари бўйича суд жараёни 2022 йилда бошланган. Кейинчалик коррупция билан боғлиқ айбловлар суд жараёнига қўшилган. 2023 йил февраль ойида иш бўйича асосий судланувчи Атамбаев чет элда тиббий даволаниш учун ҳибсдан озод қилинган. Собиқ президент Испанияга учиб кетган ва ватанига қайтмаган. 2025 йил сентябрь ойида суд ижрочилари собиқ президентнинг оиласини Қўй-Тошдаги уйларидан мажбуран чиқариб юборишган.



