Қозоғистонлик Яна Легкодимова ўлимида айбдор деб топилган шахслар ҳукм устидан апелляция шикояти беришди

Яна Легкодимова. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

23 ёшли Яна Легкодимованинг шафқатсизларча ўлдирилишида айбланган Атирау (Қозоғистон ғарбидаги шаҳар) фуқаролари Ризуан Хайржанов ва Алтинбек Катимов умрбод қамоқ жазоси устидан апелляция шикояти беришди. Бу ҳақда жабрланувчи томони вакили Ажар Абдил Tengrinews.kz нашрига маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, судланувчиларнинг ҳимояси умрбод қамоқ жазосини енгилроқ жазо билан алмаштиришни сўрамоқда. Хайржанов ва Катимов адвокатлари илгари қотиллик ишида судланувчиларнинг ўз айбини тан олганини енгиллаштирувчи ҳолат деб атагандилар.

Атирау шаҳрида яшовчи 23 ёшли Яна Легкодимова 2024 йил 18 октабрда бедарак йўқолган. У танишининг қўнғироғидан сўнг уйидан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Аёлнинг жасади орадан саккиз ой ўтгач, 2025 йил июнь ойида Талдикўл қишлоғи яқинидаги Ўрол дарёси бўйида топилган.

Полиция гумондорларни Янанинг кундалиги орқали топган, унда у қиз «Р» бош ҳарфи билан ёзилган одамни тилга олган. Прокуратура маълумотларига кўра, Ризуан Хайржанов қизни машинада бўғиб ўлдирган, унинг шериги Алтинбек Катимов эса эшикни беркитиб, қизнинг қочишига йўл қўймаган. Қотилликдан сўнг, қизнинг жасадини Ўрол дарёсига ташлашган.

Терговчилар Хайржанов ишқий алоқаларини Яна унинг хотинига айтиб беришидан қўрқиб ўлдиришга қарор қилган деб ҳисоблашади. У шериги Катимовга ёрдам учун 500 000 тенге (956 доллар) ваъда қилган. Тергов аниқлашича, қотилликдан олдин эркаклар Янани ўлдиришнинг ўнлаб усулларини муҳокама қилишган. Улар, шунингдек, қизнинг телефонини йўқ қилишни режалаштиришган ва судланувчилардан бири қотилликдан сўнг машина салонини тозалаганини тан олган.

Суд мажлисида иккала эркак ҳам айбини тан олган.

Tengrinews.kz хабарига кўра, ишдаги асосий далиллардан бири икки судланувчи ўртасида топилган ёзишмалар бўлган (улар уни ўчиришга уринишган). Унда йигитлар ҳамма нарса «мукаммал бўлиши керак»лиги ва «бундан ҳам ёмонроқ ишларни қилганини» ёзишган. «Ерга кўмилиш вақти келди, азизам», деб ёзган улардан бири. Судланувчилар шунингдек, амалдорларга пора бериш эҳтимолини ҳам муҳокама қилишган.

Мазкур суд жараёни Қозоғистонда катта шов-шувга сабаб бўлди. Етакчи қозоғистон оммавий ахборот воситалари уларни ёритиб борди.

Атирау вилоятининг ихтисослаштирилган туманлараро жиноят ишлари бўйича суди Ризуан Хайржанов ва Алтинбек Катимовни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Судланганлар жазони фавқулодда хавфсизлик тизими жорий этилган жазони ижро этиш муассасасида ўтайдилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ