Путин Қозоғистон ва Қирғизистондан товарларни Россияга олиб киришнинг соддалаштирилган тартибини икки ҳафтага узайтирди

t.me/customs_rf фотосурати

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Қирғизистондан товарларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига яна икки ҳафта давомида ёрлиқсиз ёки келиб чиқиши ҳужжатларисиз олиб киришга рухсат берувчи фармонни имзолади. Россия раҳбарининг аввалги фармони 10 декабргача амал қилган. Ҳозирги фармон муддати 25 декабрда тугайди.

Гап Россия-Қозоғистон чегараси орқали автомобил транспортида олиб кириладиган товарлар ҳақида бормоқда. Енгиллаштириш бир нечта шартларга боғлиқ. Биринчидан, юкларни қабул қилувчи Россия юридик шахси бўлиши керак. Ташувчи ундан Россия божхона органига товарларни декларация қилиш мажбурияти тўғрисида хабарномани тақдим этиши керак (буни оддий ёзма шаклда тўлдириш мумкин).

Иккинчидан, бу товарлар вақтинчалик сақлаш омборига олиб келиниши, ёрлиқланиши ва 27 декабргача декларация қилиниши лозим.

Москва октябрь ойи охирида Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этди. Россия ҳукумати шу тарзда Қозоғистон билан чегарада юзага келган йирик логистика коллапсини ҳал қилишга уринди, бу эса Хитойдан Россияга ғарбий юк йўли орқали карго юклари етказилишини бутунлай тўхтатиб қўйди.

Сентябрь ойи ўрталарида Қозоғистон ва Россия чегарасида километрлаб узунликдаги юк машиналарининг тирбандлиги юзага кела бошлади. Бозор иштирокчилари деярли дарҳол уларни рекорд даражадаги тирбандлик дея аташди — турли кунларда тирбандлик 2500 дан 15000 гача юк машинасини қамраб олганди. Шу билан бирга, икки мамлакат божхона органлари вазият учун айбни бир-бирига тўнкашди.

Ва ниҳоят, Россия Федерал божхона хизмати виждонсиз бизнесменларни айблади. Гўёки товарларни ноқонуний равишда олиб киришни режалаштирган юк машиналари ҳайдовчилари текширувлардан қочиш учун чегарадан ўтишни кечиктиришган ва юк эгаларидан қўшимча кўрсатмалар кутишган.

Қозоғистон томони ҳозирги вазиятни Россия назоратни кучайтиргани билан изоҳлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ