Афғонистон-Покистон музокаралари навбатдаги чегара тўқнашувлари туфайли барбод бўлди

Афғонистон ва Покистон чегараси. Press TV фотосурати

Октябрь ойида юз берган бир нечта қуролли тўқнашувлардан сўнг Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара муносабатлари кескин ёмонлашди ва ўтган якшанба куни Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Покистон манбалари толиблар позициясини «мантиқсиз ва реалликдан узилиб қолган» дея таърифлаб, Кобулни асосий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик қилишни истамасликда айбладилар. Ўз навбатида, толиблар* ўз суверенитетини ҳурмат қилишларини сўраб қатъий туриб олишди ва Исломободни музокараларни саботаж қилишда айблади.

Икки томонлама муносабатлардаги инқироз шу йилнинг 9 октябрида, Афғонистон толибларига қўшилган мафкуравий ҳаракат бўлмиш «Теҳрик-э-Толибон Покистон» (ТТП) қуролли кучлари Куррам чегара зонасида Покистон ҳарбий карвонига ҳужум қилганида бошланди. Ҳужум натижасида тўққиз покистонлик аскар ва икки офицер ҳалок бўлган. Бунга жавобан Покистон ТТП раҳбари Нур Вали Меҳсудни нишонга олган ҳолда Кобул, Хост, Жалолобод ва Пактикага ҳаво ҳужумларини уюштирди. Ўз навбатида, афғон толибонлари 11-12 октябрь кунлари Кобул тан олмайдиган 2640 километрлик баҳсли чегара бўлган Дуранд чизиғи бўйлаб кўплаб Покистон ҳарбий постларига ҳужум қилишди. Кейинги олти кун ичидаги ўзаро бомбардимон, ўқ отиш ва назорат пунктларининг эгаллаб олиниши толибларнинг 2021 йили ҳокимият тепасига келганидан бери бошидан кечирган энг қонли воқеа бўлди.

26 октябрь куни Истанбулда Қатар ва Туркия воситачилигида икки томон ўртасида музокараларнинг иккинчи босқичи бошланди. Афғонистон делегацияси мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Раҳматулла Нажиб бошчилик қилди ва унга нуфузли шахслар Анас Ҳаққоний (ички ишлар вазирининг укаси), Қатардаги элчи Суҳаил Шаҳин, Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Қаҳар Балхий ва Мудофаа вазири ўринбосари Нурурраҳмон Нусратдан иборат бўлди. Покистонни Мудофаа вазири Хаважа Асиф бошчилигидаги разведка ходимлари ва Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси тақдим этди.

Музокаралар якунида Афғонистон томони, толиблар назоратидаги RTA телеканалига кўра, Покистоннинг Афғонистон ҳаво сарҳади ва қуруқлигига аралашмаслигини кафолатловчи ва Покистон ҳудудидан «афғонларга қарши гуруҳлар»нинг фойдаланишини тақиқлашни талаб қилувчи келишув лойиҳасини тақдим этди. Қоидабузарликлар ҳақида маълумот алмашиш учун Қатар ва Туркия иштирокидаги тўрт томонлама сулҳни кузатиш механизми таклиф қилинди. Daily Times газетасининг ёзишича, Покистон «Толибон»дан Афғонистон ҳудудидаги ТТП ва бошқа жангариларга қарши «аниқ ва назорат қилинадиган чоралар» кўришни талаб қилувчи, жумладан, разведка маълумотларини алмашиш, уларни мувофиқлаштириш ва чегара хавфсизлигини кучайтиришдан иборат қарама-қарши режани тақдим этди. Музокараларда савдо, қочқинлар ва Покистоннинг сўнгги йигирма йиллик хавфсизлик муаммолари илдизлари ҳам муҳокама қилинди.

❗️Музокаралар авжида бўлган бир пайтда, Покистон армияси чегарада янги тўқнашувлар ҳақида хабар берди, мазкур тўқнашувларда Press TV хабарига кўра, беш нафар покистонлик аскар ва 25 нафар афғон жангариси ўлган. Покистон ҳарбий ташкилоти ISPR маълумотларига кўра, тақиқланган ТТП ҳаракатининг жангарилари Афғонистондан Покистон ҳудудига киришга уринишган ва ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар худкуш террорчи ҳам бўлган.

Мамлакатлар ўртасидаги асосий чегара ўтиш жойлари – Хайбер Пахтунхва вилоятидаги Торхам ва Балужистондаги Чаман – 11 октябрдан бери ёпиқлигича қолмоқда. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги чегара «хавфсизлик ҳолати баҳоланмагунча» қайта очилмаслигини ва «покистонликлар ҳаёти ҳар қандай савдодан муҳимроқ» эканини таъкидлади. Транзит савдосининг ёпилиши ҳар икки мамлакатга жиддий иқтисодий зарар етказмоқда, бу ерда йиллик савдо айланмаси 2,3 миллиард долларни ташкил этади. Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Хон Алокозайнинг хабар беришича, ҳар икки томон кунига тахминан 1 миллион доллар йўқотмоқда. Покистонда помидор нархи беш баравар ошган (бир кг учун 600 рупийгача) ва асосан Афғонистондан импорт қилинган олма ҳам қимматлашган. Юзлаб юк машиналари чегарада туриб қолган — тахминан 495 та транзит юк машинаси Торхамда рухсатномани кутмоқда — бу чегараолди ҳудудларидаги гуманитар инқирозни янада кучайтирмоқда.

▫️ Томонлар ўртасидаги музокаралар бугун давом этиши режалаштирилган. Воқеанинг кейинги ривожи томонларнинг муросага тайёрлигига ва ҳали келишиб олинмаган мониторинг механизмлари самарадорлигига боғлиқ бўлади.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ