Қозоғистон Энергетика вазирлиги Оренбург ГҚЗга уюштирилган ҳужум ортидан газ таъминотидаги узилишларга оид миш-мишларни рад этди

Қозоғистон Энергетика вазирлиги биноси. t.me/Minenergokz фотосурати

Оренбург газни қайта ишлаш заводининг (ГҚЗ) дрон ҳужумидан сўнг ёпилгани Қозоғистонга газ етказиб беришга таъсир қилмади, деб хабар берди республика Энергетика вазирлиги.

Вазирлик шу тариқа бир қанча оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган Остона ва бошқа вилоятларда газ таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Вилоятлар ва пойтахтга газ таъминоти «одатдагидек, тўлиқ ҳажмда ва ҳеч қандай чекловларсиз таъминланмоқда», деб ишонтирди вазирлик.

Баёнотда таъкидланишича, таъминот барқарорлиги захира механизмлари орқали кафолатланади. Амалдаги шартномалар бўйича барча етишмаётган ҳажмлар тезкорлик билан тўлдирилмоқда, шу боис истеъмолчилар, жумладан, пойтахт иссиқлик электр станциялари учун газ тақчиллиги йўқ ва бундай бўлиши кутилмаяпти.

Оренбург ГҚЗи яқин орада қозоқ газини олишни қайтадан бошлаши кутилмоқда. Жорий чекловлар туфайли Қорачиғаноқ конининг оператори (хомашё олинадиган жой) назорат остида ишлаб чиқаришни қисқартирди.

«Ушбу чора Қозоғистоннинг ички бозорига газ етказиб бериш бўйича мажбуриятларнинг бажарилишига таъсир қилмайди. Режалаштирилган ишлаб чиқариш даражасига қайтиш ГҚЗ нормал фаолиятини қайта бошлаганидан сўнг дарҳол бошланад»», — дея қўшимча қилади вазирлик.

Reuters хабарига кўра, Қозоғистон Оренбург ГҚЗига газ етказиб бериш тўхтатилгандан сўнг Қорачиғаноқдаги нефть ва газ конденсати қазиб олишни 25-30 фоизга қисқартиришга мажбур бўлган.

Оренбург ГҚЗ — Россиядаги энг йирик табиий газни қайта ишлаш заводидир. 19 октябрь куни эрталаб дрон ҳужуми ҳақида хабар берилган. Оренбург вилояти губернатори Евгений Солнцевнинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида «цехлардан бирида ёнғин чиққан».

Қорачиғаноқ — Ғарбий Қозоғистондаги нефть ва газ конденсат кони. У ерда ишлаб чиқарилган газнинг бир қисми резервуарга қайта қуйилади, қолган қисми эса Россияга, Оренбург газни қайта ишлаш заводига юборилади, чунки коннинг ўзида газни қайта ишлаш қуввати йўқ.

Амалдаги келишувларга кўра, Қорачиғаноқ 2038 йилгача Оренбург газни қайта ишлаш заводига йилига 9 миллиард куб метргача газ етказиб бериши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ