Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти қурилишини бошлаб берди. Давлат раҳбари 15 октябрь куни бўлажак иншоот фундаментига капсула қўйди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Пойтахт яқинида аэропорт қуриш зарурати сўнгги саккиз йилда Тошкентга йўловчи ташиш ҳажми 3 баробарга ошгани ва 9 миллионга етгани, 2040 йилга бориб эса бу кўрсаткич 24 миллиондан ошиши кутилаётгани билан боғлиқ. Ҳозирги аэропорт йилига атиги 11 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Бундан ташқари, унинг шаҳар ичида жойлашганлиги кенгайтиришга имкон бермайди.
Шу боис Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Қуйичирчиқ туманларида 1300 гектар майдонда янги халқаро аэропорт қуриш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ушбу лойиҳа учта компания консорциуми томонидан амалга оширилади:
✅ Vision Invest (Саудия Арабистони);
✅ Sojitz (Япония);
✅ Incheon (Жанубий Корея).
Қурилишнинг тўрт босқичи режалаштирилган бўлиб, улардан биринчиси аэропорт терминали ва аэродромни ўз ичига олади. Лойиҳанинг ушбу қисмининг қиймати 2,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.
Ушбу аэропорт авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) талабларига тўлиқ жавоб беради.
Энг илғор аэронавигация ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимлари ўрнатилиб, ҳар қандай об-ҳаво шароитида самолётларни қабул қилиш мумкин бўлади. Қайд этилишича, мазкур лойиҳа «яшил» стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади.
Янги аэропортни қуриш орқали мультимодал транспорт боғламаси ташкил этилади. Ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа Ўзбекистонга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради, хизмат кўрсатиш, саноат ва туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшади, минглаб иш ўринлари яратилади.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатга келаётган хорижлик сайёҳлар сони 3 миллиондан 10 миллионга кўпайган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 15 миллионга етиши кутилмоқда. Шунинг учун саноатни жадал модернизация қилиш зарур. Хусусан, Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.
Ташувчилар ўртасида ҳам рақобат кучаймоқда. Шу тариқа, 15 та янги авиакомпания пайдо бўлди, ҳаво кемалари парки 26 тадан 105 тага кўпайди. Бундан ташқари, яқин йилларда ҳаво кемалари сонини 180 тага, йўналишлар сонини 230 тага етказиш, ички ва халқаро рейслар ҳажмини йилига 200 мингтага етказиш кутилмоқда.
«Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз», — дея хулоса қилди Мирзиёев.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида Қуйичирчиқ туманидаги шоличилик кластерини бориб кўрди. Шунингдек, пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган «Янги авлод» махсус индустриал зонасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар билан танишди.