Қозоғистоннинг ғарбий ҳудудларини яна «газ инқирози» қамраб олди

golosnaroda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон ғарбида суюлтирилган газ тақчиллиги кузатилмоқда. Манғистау вилоятида ёқилғи қуйиш шохобчаларида навбатлар пайдо бўлмоқда, ҳайдовчилар таъминотдаги узилишлардан шикоят қилмоқда, деб ёзади ORDA.kz.

15 октябрь куни вилоят ҳокимлигида фавқулодда йиғилиш бўлиб ўтди ва унда мутасаддилар ёқилғи тақчиллиги нега яна юзага келганини тушунтирди. Вилоят тадбиркорлик ва савдо бошқармаси бошлиғи Пикир Сансизбаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги инқирознинг асосий сабаби Атирау нефтни қайта ишлаш заводида режалаштирилган профилактика ишлари бўлиб, бунинг натижасида октябрь ойида вилоятга тахминан 3,7 минг тонна суюлтирилган газ кам етказилган. Улар ушбу таъминотни «СНПС-Актобемунайгаз» заводидан етказиб бериш орқали тўлдиришга ҳаракат қилмоқдалар, бироқ унинг узоқда жойлашгани кечикишларга сабаб бўлмоқда. Вилоят тадбиркорлик бошқармаси эса танқисликнинг яна бошқа сабаби ҳам борлигини қайд этади.

«Алоҳида тадбиркорлар газни ўзларига ажратилган автогаз шохобчаларига етказиб бермасдан, бошқа ҳудудларга сотаётгани ҳолатлари ҳам бор. Қолаверса, айрим янги шохобчалар ойлик етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида шунчаки рўйхатга олинган, улар газни бошқа шаҳобчалар орқали сотишган», — деди Пикир Сансизбаев.

Унинг сўзларига кўра, бундай схема нафақат танқисликни кучайтиради, балки ижтимоий кескинликни ҳам қўзғатиши мумкин. «Ҳар бир литр газ қаерга жўнатилаётганини кузатиш учун тўлиқ текширув ўтказамиз», — деб ишонтирди бошқарма бошлиғи.

Шу билан бирга, қўшни Ақтўбе вилоятида ҳам суюлтирилган газ танқислиги кузатилмоқда. Маҳаллий «Диапазон» газетасининг ёзишича, ҳайдовчилар Ақтўбеда автогаз тақчиллигидан шикоят қилишмоқда. Айтишларича, баъзи автогаз шохобчаларида ёнилғи йўқ, бор жойда эса узун навбатлар пайдо бўлмоқда. Маҳаллий амалдорлар муаммони тан оладилар ва буни «суюлтирилган нефть гази етарли даражада ажратилмагани» билан боғлайдилар, дейилади мақолада.

Қозоғистоннинг ғарбий вилоятларида газ таъминотида узилишлар мунтазам бўлиб туради. Ўтган йил ноябрь ойида Актау аҳолиси ёқилғи қуйиш шохобчаларида соатлаб навбатларда туришга мажбур бўлганга. Ўшанда расмийлар вазият «қайта такрорланмайди» деб ваъда берган эдилар. Ўша йил октябрь ойида Ақтўбе вилоятида ҳам автогаз тақчиллиги кузатилган. Ўшанда вазиятни маҳаллий заводларда ремонт олиб борилаётгани билан изоҳлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ