Ўзбекистон президенти Тошкент шаҳрида ишга туширилган BRT тизимини кўздан кечирди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш якунлари, хусусан, мамлакатда биринчи BRT (Bus Rapid Transit) тизимини ишга тушириш жараёни билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон учун ушбу янги тизим ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилди ва шу йилнинг 7 октябрь куни ишга туширилди. Бу тизим жамоат транспорти қатновини тезлаштириб, йўловчиларга қулайликларни яхшилайди.

Қайд этилишича, транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр йўл реконструкция қилинди. Эндиликда 10 та қатнов қисмига бўлинган йўлнинг 6 та тасмасида автомобиллар, махсус ажратилган 2 та йўналишда автобуслар ҳаракатланади. Қолган 2 та йўлак эса автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, умумий қиймати 19,2 миллион долларлик ушбу лойиҳа натижасида йўловчи оқими соатига 2 минг 500 дан 6 минг кишига ортди. Шунингдек, суткасига 40 мингта автомобиль ўтказиш имконияти яратилиб, ўртача тезлик соатига 23 километрдан 30 километрга етказилди. Энг муҳими, хавфсизлик яхшиланди, йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайди.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида автобуслар тўхташи учун 21 та янги бекат, 463 та «ақлли» светофор ўрнатилди. Интеллектуал транспорт тизими жорий этилди. Йўл бўйида автомобиллар тўхтаб туриши учун ҳам шароит инобатга олинган. Шунингдек, велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, суғориш ва дренаж тизимлари барпо этилди.

«Агар метро йўллари қурмаганимизда, янги автобуслар олиб келмаганимизда бугун Тошкентда транспорт қатнови қийин бўларди. Шунинг учун одамларни рози қилиш нуқтаи назаридан йўлларни тўғрилаяпмиз, жамоат транспортини ривожлантиряпмиз. Бундай ишларни барча шаҳарларимизда давом эттирамиз», — деди Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга жамоат транспорти учун қулайликларни ошириб, тирбандликни камайтириш, шаҳарни Янги Тошкент билан самарали боғлаш борасида топшириқлар берди.

Мирзиёев давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда автобусда юриб, қулайликларни кўрди, йўловчилар билан самимий суҳбатлашди.

ℹ️ Bus Rapid Transit — автобуснинг тезкор транзит тизими бўлиб, у ажратилган йўлакларни, светофорларда устуворликни, замонавий автобус бекатлари ва бошқаларни ўз ичига олади. BRTнинг барча функциялари биринчи марта 1974 йили Бразилиянинг Куритиба кўчаларида ишга туширилган. Худди шундай лойиҳалар ҳозирда дунёнинг 200 га яқин шаҳрида амалга оширилган.