Покистоннинг Билим ва давлат сиёсати маркази президенти доктор Маҳмуд Ал Ҳассан Хон нуфузли Pakistan Observer нашрида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг (ИЦМ) стратегик аҳамияти ҳақида мақола чоп этди.
Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистон азалдан етук инсонлар учун марказ бўлиб келган ва ўзининг бой маданияти билан машҳур бўлган. ИЦМ ташкил этилиши билан мамлакат яна минтақадаги муҳим марказга айланиб бормоқда.
Марказ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда имзоланган қарори асосида ташкил этилган бўлиб, унинг очилиши 2025 йилнинг ноябрига мўлжалланган. Архитектура лойиҳаси 7,5 гектар майдонни эгаллаган, баландлиги 65 метрли гумбазли уч қаватли бинони ўз ичига олади. Марказ кўргазмаси бешта тематик бўлимдан иборат бўлиб, минтақанинг бутун тарихини – исломгача бўлган цивилизациялардан тортиб «Янги Ўзбекистон»гача бўлган даврни қамраб олади. Бу ерда Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири бўлмиш «Усмон Мусҳафи»нинг мавжудлиги марказга ўзгача маънавий руҳ беради, деб ёзади эксперт.
У ИЦМ маданиятлараро мулоқот, бағрикенглик ва илмий билимлар учун ўзига хос платформа бўлиб, музей ва илмий-тадқиқот мажмуаси функцияларини ўзида мужассам этган Лувр ва Смитсон институти каби глобал институтлар қаторидан жой олишига умид билдиради.
Ислом цивилизацияси маркази ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш орқали инсонпарварликни тарғиб қилиш, экстремизмга қарши курашиш, ислом динининг тинч моҳиятини очиб бериш бўйича муҳим миссияни бажаради, деб ёзади Ал Ҳассан Хон.
Унинг сўзларига кўра, халқаро экспертлар ушбу лойиҳани юқори баҳолаган, президент Мирзиёев эса уни исломни эзгулик ва маърифат дини сифатида намоён этувчи тарихий ташаббус сифатида баҳолаган.