Қирғизистон президенти Садир Жапаров республиканинг бориш қийин бўлган ҳудудларида интернетдан фойдаланишни кенгайтириш учун геостационар бўлмаган сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга туширишга оид фармонни имзолади, деб хабар беради президент матбуот хизмати.
Қирғизистонда илк бор амалга оширилаётган лойиҳа анъанавий алоқа технологиялари мавжуд бўлмаган ёки чекланган ҳудудларда интернетга кириш имконини берувчи геостационар бўлмаган сунъий йўлдош тизимлари орқали интернет хизматларини тақдим этади. Бу мамлакатнинг рақамли ривожланишини жадаллаштириш, рақамли тафовутни бартараф этиш, инновацион телекоммуникация технологияларини жорий этиш учун шароит яратади.
«Мамлакатнинг энг олис гўшаларида ҳам юқори сифатли интернетдан фойдаланиш таълим, соғлиқни сақлаш, бизнес ва давлат хизматларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очади, республиканинг барча фуқаролари турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Тажриба лойиҳаси 2025 йил 6 октабрдан 2026 йил 5 октабргача давом этиши режалаштирилган.
Лойиҳада Президент қарорида белгиланган талабларни бажаришга тайёр бўлган барча халқаро сунъий йўлдош интернет операторлари иштирок этишлари мумкин. Ушбу ёндашув бозорда соғлом рақобатни таъминлаш, турли технологик ечимларни синовдан ўтказиш, потенциал техник ва ҳуқуқий тўсиқларни аниқлаш ҳамда Қирғизистонда сунъий йўлдош интернетини келажакда тартибга солиш учун асос яратишга қаратилган, дея таъкидлайди матбуот хизмати.
Тажриба босқичи якунланганидан сўнг давлат органлари тест синовлари натижалари бўйича батафсил ҳисобот тайёрлайди ва ушбу соҳани янада ривожлантириш бўйича мамлакат раҳбариятига тавсиялар беради.