2027 йилги U-20 Жаҳон чемпионати илк маротаба икки давлат — Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтади

Кубок. Акиpress сайти фотосурати

2027 йили футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионати икки давлат — Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда ФИФА расмий сайти хабар берди.

ФИФА кенгаши Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг қўшма аризасини маъқуллади. Бу тарихда илк бор эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионати турли конфедерацияларга кирувчи икки давлатда ўтказилади: Озарбайжон УEФА (Европа) ва Ўзбекистон ОФК (Осиё). Шунингдек, U-20 Жаҳон чемпионати илк бор икки давлатда ўтказилади.

Бу ҳақдаги қарор ФИФА кенгашининг 2 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида эълон қилинди. Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма аризасини шу йилнинг июль ойида тақдим этган эди. Қизиғи шундаки, Озарбайжон аввал ҳам алоҳида таклифлар берган, бироқ уларнинг аризалари рад этилган.

Спорт эксперти Алишер Никимбаев таъкидлашича, ФИФА ҳар бир давлат нечта гуруҳга мезбонлик қилиши ҳақидаги саволга ҳозирча жавоб беришга тайёр эмас. Бироқ, турнир формати туфайли, тенг тақсимланиш содир бўлмаслиги мумкин. «Менинг прогнозим: тўртта гуруҳни Ўзбекистонга, иккитасини Озарбайжонга беришади», — деб ёзади Никимбаев.

U-20 Жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. 2025 йилги мусобақа Чилида бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон ва Озарбайжон терма жамоалари иштирок этмайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси мунтазам равишда Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритса-да, Озарбайжон терма жамоаси учун бу биринчи тажриба бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ