Кембриж Ислом цивилизацияси марказига икки юз йиллик гилам совға қилди

Ҳадяни топшириш маросими. ИЦМ матбуот маркази фотосурати

Кембриждаги Ислом тадқиқотлари маркази Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейига Шарқий Туркистонда ишлаб чиқилган икки юз йиллик Ҳўтан гиламини совға қилди. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Илгари Буюк Британиядаги Ислом тадқиқотлари маркази музейида сақланаётган мазкур гилам «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси» халқаро экспертлар форуми доирасида ИЦМ музейига топширилди.

Экспонат Британия музейи томонидан 2025 йил февраль ойида энг қадимги аукцион уйларидан бири бўлган Champions орқали сотиб олинган. Гиламда «Vogel» —услубийлаштирилган гулли ваза тасвири бор. У баҳор, янгиланиш ва ҳаёт рамзи сифатида талқин этилади. Атрофидаги гуллар эса аёллик, нафосат ва серҳосиллик тимсоли ҳисобланади.

Шарқий Туркистонда асрлар давомида тўқилган Хўтан гиламлари ўзининг юксак маҳорати ва бой рамзийлиги билан қадрланади, уларда Бақтрия, Эрон, Хитой ва Ҳинд маданиятлари уйғунлиги кўзга яққол ташланади, дейди Ислом тадқиқотлари маркази директори Фируза Мелвилл.

ℹ️ «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ