Ўзбекистондаги биринчи аукцион уйи Ислом цивилизацияси марказига XVIII асрга оид устурлобни ҳадя қилди

Ҳадяни топшириш маросими. ИЦМ матбуот хизмати фотосурати

Тошкент шаҳрида ўтган «Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси» халқаро экспертлар форуми доирасида республикадаги илк аукцион уйи — Art Vernissage томонидан Ислом цивилизацияси марказига XVIII асрга оид ноёб артефакт — Самарқандда яратилган 1711 йилги латун устурлоб ҳадя қилинди, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.

21 см узунликдаги ушбу илм асбоби алмаштириладиган пластиналар билан жиҳозланган бўлиб, турли жуғрофик кенгликларда қўллаш имконини берган. Шу хусусияти туфайли устурлоб ўша даврда кўп мақсадли илмий қурилма ҳисобланган.

«Бу мукаммал асбоб айниқса XV–XVIII асрларда дунё миқёсида энг илғор қурилма сифатида эътироф этилган. Марказ экспозициясидаги мазкур устурлоб ислом дунёси олимларининг юксак билим ва маҳоратини намоён этиб, барча меҳмонларда катта таассурот қолдиради, деган умиддамиз», — деди Art Vernissage аукцион уйи директори Шавкат Султонов.

ℹ️ «Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори» мавзуидаги форум Шавкат Мирзиёев таклифи билан ташкил этилди. Тадбирда 20 дан ортиқ давлатдан 200 дан ортиқ олим ва экспертлар иштирок этди. ТУРКСОЙ, ISESCO, IRSICA, Al-Furqan каби миллий ва халқаро илмий ташкилотларнинг вакиллари эксперт сифатида иштирок этди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ