Россия президенти Владимир Путин мигрантлар учун патент тизимини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш мумкин, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда парламент фракциялари етакчилари билан бўлиб ўтган учрашувда сўз юритилди, деб хабар беради ТАСС.
«Мигрантлар учун патент тизимини бекор қилиш — бу ҳақда ўйлаб кўришимиз керак. У кенг қўлланилмоқда. Мен ҳеч нарсани истисно қилмайман. Сиздан ҳамкасблар билан биргаликда бу борада ишлашингизни сўрайман», — дея жавоб берди Путин «Справедливая Россия — За правду» партияси раиси Сергей Мироновнинг таклифига.
Россия раҳбари, шунингдек, миграция россияликлар учун нозик масала эканини айтди.
«Ҳокимият, на федерал, на маҳаллий даражада, муаммолар йўқ, деб ўйламаслиги керак. Бу муаммолар мавжуд ва уларни ҳал қилиш керак, аммо бу масала доимий назорат остига бўлмаса, муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди», — деди у.
«Справедливая Россия — За правду» партияси раҳбари Сергей Миронов йиллар давомида патент тизимини бекор қилиш зарурлиги ҳақида гапириб келади. 2023 йили у патентларни ишлаш рухсатномалари билан алмаштиришни таклиф қилганди, бу ҳужжатни олиш учун меҳнат мигрантларидан суратга тушиш ва бармоқ изларини топшириш талаб қилинади.
Яқинда Миронов Давлат Думасидаги чиқишида яна шу масалани кўтарди.
«Бизнинг қардош Белорусда ҳеч қандай патент йўқ. Иш берувчилардан ишчи кучига эҳтиёж борлигини, беларуслар етишмаслигини исботлаш талаб этилади. Кейин улар ҳеч қандай оиласиз, ҳеч қандай ижтимоий юкламасиз келишади. Улар ишлайди, маош олади ва ватанига қайтиб кетади. Биз ҳам шундай қилишимиз керак», — дея Миронов сўзларини келтиради Россия ОАВ.
Россия Федерациясида визасиз мамлакатлардан келган мигрантларнинг ишлаши учун улардан патент талаб қилинади (Евросиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари фуқаролари бундан мустасно). Ушбу ҳужжат фақат унда кўрсатилган муайян ҳудуд ва фаолият соҳасида амал қилади. Ҳозирги вақтда патентнинг нархи минтақага қараб фарқ қилади. 2025 йили Москвада ойлик патент тўлови 8900 рублни ташкил қилади. Санкт-Петербургда — 6000 рубль.
Биргина жорий йилнинг январь-май ойларида меҳнат мигрантларига патент сотишдан Россия бюджетига ўтказилган жисмоний шахслар даромад солиғи 63 миллиард рублни (804,5 миллион доллар) ташкил этди. Бу статистикани ўтган ёзда РФ Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди.