Қозоғистоннинг Алатау шаҳрида ёнаётган чиқинди полигони туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Видеодан кадр

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятидаги Алатау шаҳрида маҳаллий техноген характерига эга фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бундай қарор маҳаллий қаттиқ маиший чиқиндилар полигонидаги йирик ёнғин туфайли қабул қилинди, деб ёзади Vlast.kz шаҳар ҳокимиятига таяниб.

«Ёнғин катта ҳудудни қамраб олгани учун фавқулодда ҳолат эълон қилиниши барча зарур ресурсларни тезкорлик билан сафарбар қилиш имконини беради. Кўрилаётган чора-тадбирлар ёнғинга барҳам беришни тезлаштиришга қаратилган. Вазият доимий назорат остида. Аҳоли ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқ», — дея таъкидлайди шаҳар маъмурияти.

Шунингдек, ёнғин сабабларини аниқлаш учун махсус текширув ўтказилиши қайд этилган.

Олмаота вилоятида, Олмаота-Уст-Каменогорск автомобил йўлининг 35-километрида жойлашган қаттиқ маиший чиқиндилар полигонида 15 сентябрь, душанба куни бошланган ёнғин ҳалигача ўчирилмаган.

«КазИнформ» хабарига кўра, чиқинди полигони «ADC TAZA ALEM» МЧЖга тегишли. Унинг умумий майдони 35 гектар бўлиб, ҳозирда 10 гектарга яқин майдон аланга ичида қолган.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёнғин сабабли маҳаллий аҳолига дераза ва эшикларни ёпиш, имкон қадар очиқ ҳавода юришни чеклаш, ниқоб ёки дока тақиш, ўзини ёмон ҳис қилган тақдирда шифокорларга мурожаат қилишни тавсия қилди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, қўшни қишлоқлар, шунингдек, Олмаота аҳолиси аччиқ тутундан азият чекмоқда.

Алатау — Қозоғистон харитасида янги шаҳар. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев уни барпо этиш тўғрисидаги фармонни ўтган йил январь ойида имзолаган эди. Қозоғистон расмийларига кўра, Алатау халқаро бизнес хабига айланиш керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ