Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан Тошкентга келган ўқитувчилар Ислом цивилизацияси маркази билан таништирилди, деб хабар қилди ИЦМ матбуот хизмати.
Марказга ташриф 1 октабр – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ташкил этилди. ИЦМ директори Фирдавс Абдухолиқов ўқитувчиларни яқинлашиб келаётган касб байрамлари билан табриклаб, уларни мажмуа музейи экспозицияси билан қисқача таништирди. Унинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев Марказга ташрифни ўқитувчилардан бошлаш кераклиги ҳақида алоҳида топшириқ берган.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.