Туркманистонлик фаол Мурат Душемов саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Мурат Душемов. turkmen.news сайти фотосурати

16 сентябрь куни Туркманобод суди фуқаролик фаоли Мурат Душемовни Лебап вилояти Сейди шаҳридаги LB-E/12 колониясида маҳкумни калтаклагани учун саккиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда turkmen.news хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, фаолга қарши аризани «хафа бўлганлар» қаторида бўлган ва муассаса маъмурияти билан ҳамкорлик қилувчи маҳбус ёзган. Тергов материалларига кўра, Душемов уни асосий муддати тугашига бир неча кун қолганида калтаклаган. Суд босқичида фаолнинг ўзи туҳмат қилинаётгани ҳақида даъво қилган ва давлат томонидан тайинланган адвокат орқали маҳбуснинг ўзи унинг ҳузурида бошини деворга урганини маълум қилган.

Суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Маҳкумнинг онаси бўлажак суд жараёни ҳақида маълумотни тингловдан бир кун олдин олган ва мажлисга киришга ҳаракат қилган, бироқ судя уни суд залига киритмаган.

ℹ️ Мурат Душемов ҳибсга олинишидан олдин видеоблог юритиб, унда ижтимоий масалаларни ёритган. У Туркманистонда мажбурий эмлаш ҳақидаги видеони эълон қилганидан сўнг дарҳол ҳибсга олинган, кейин полиция назорат пунктида коронавирус йўқлиги ҳақидаги маълумотномани кўрсатишдан бош тортгани учун 15 кунга ҳибсга олинган. Кейинроқ фаолга эмлаш ҳақидаги видеони чоп этишдан бош тортгани учун клиника бош шифокоридан пора талаб қилганликда айбланган. 2021 йил августида Душемов товламачилик ва қасддан баданга ўртача оғирликдаги шикаст етказишда айбланиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу даъволар фаол сақланаётган камерадаги муштлашувга асосланган: гўё у бошқа маҳбусларни калтаклаган, гарчи ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, можаро Душемовга босим ўтказиш учун уюштирилган.

2023 йили Душемов бошқа уч нафар сиёсий маҳбус билан биргаликда БМТнинг Туркманистондаги ваколатхонасига ҳуқуқий тартибсизликлардан ҳимоя қилишларини сўраб хат йўллаган. Human Rights Watch ташкилоти Туркманистон расмийларини Мурат Душемовни зудлик билан озод қилишга чақириб, унинг ҳукми тинч ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаолияти туфайли адолатсизлик натижаси эканини таъкидлаган.

Душемов 2025 йил 14 июнида озод этилиши керак бўлган. Лекин бу содир бўлмади, чунки камерадоши фаолга қарши ариза ёзиб, Душемов унинг қўлини синдиргани ҳақида шикоят ёзган. Натижада янги жиноий иш қўзғатилиб, фаол Туркманобод тергов изоляторига ўтказилган. Қариндошларига унинг қаерда экани ҳақида хабар берилмаган, онаси эса ўғли ҳақида бирорта маълумот ололмаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, фаолнинг оиласи кузатув остида бўлган, телефонлари тингланган, қариндошлари эса бир неча бор полицияга чақирилган. Душемовнинг синглиси ва укаси «четга чиқиши чекланган»лар рўйхатига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ