«Кендирли» заводидан чучуклантирилган сувнинг биринчи партияси Манғистау вилоятидаги Жанаўзен сув тақсимлаш узелига етказиб берилди. Бу ҳақда «КазМунайГаз» компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Сув кўп босқичли тозалаш ва чучуклаштиришдан ўтказилган. Лаборатория текширувлари унинг санитария-гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб беришини тасдиқлаган. Заводга қабул қилинган сувни вилоят ҳокими Нурдаулет Қилибай ва КМГ раҳбари Асхат Хасенов шахсан татиб кўрди.
Айни пайтда «Кендирли»да битта линияси ишламоқда, унинг қуввати кунига 12,5 минг куб метрни ташкил этади. Жорий йилнинг октябрь ойи охиригача заводнинг тоза сув ишлаб чиқариш қувватини кунига 50 минг куб метрга етказиш режалаштирилган.
Завод Жанаўзен шаҳри ва унга туташ аҳоли пунктлари аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайди. Шунингдек, бу «Астрахан-Манғишлоқ» магистрал сув қувуридаги юкни камайтиради ва минтақанинг саноат салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади, дея таъкидлайди КМГ матбуот хизмати.
«Кендирли» заводи 2025 йил 30 майда қуриб битказилди ва «КазМунайГаз» томонидан қурилди. Лойиҳа қиймати 82,5 миллиард тенге (152,5 миллион доллар) деб баҳоланган.
Қозоғистон ҳукумати мамлакатнинг энг қурғоқчил вилоятларидан бири бўлган Манғистауда бир неча йиллардан бери сув танқислиги билан курашиб келади. У ерда жами 9 та сувни чучуклаштириш заводи қурилиши режалаштирилган. Уларнинг бир қисми фойдаланишга топширилган. Мисол учун, яқинда Форт-Шевченко шаҳрида кунига 5 минг куб метр қувватга эга денгиз сувини чучуклантирувчи мажмуа ишга туширилди.