Сурхондарё вилояти Денов туманида замонавий енгил юк автомобиллари ишлаб чиқарадиган Humo New Energy корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳа қиймати 30 миллион долларни ташкил этади.
Таъкидланишича, корхона «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган бўлиб, шу муносабат билан корхонани ишга туширишга бағишланган тантанали тадбирларда вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов иштирок этган.
Айни пайтда бу ерда 150 киши меҳнат қилмоқда. Қолаверса, уларнинг аксарияти касб-ҳунар таълими муассасаларининг зарур билим ва кўникмаларга эга битирувчиларидир.
Биринчи босқичда йилига 5 минг дона транспорт ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Йиғиш учун зарур бўлган бутловчи қисмларнинг аксарияти Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани боис корхона импортдан деярли мустақил. Демак, маҳаллийлаштиришнинг юқори даражаси ички бозорни ҳамёнбоп нархларда сифатли юк машиналари билан таъминлайди. Бироқ, машиналарнинг нархи ҳақида хабар берилмаган.
Мутахассисларнинг фикрича, Humo New Energy маҳсулотларига талаб юқори бўлади. Завод тўлиқ қувватга киргач, автомобиллар экспортга чиқарилади.
Иккинчи босқичда корхона раҳбарияти маҳсулот турларини кенгайтириш ниятида. Жумладан, енгил юк электромобиллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.