Ислом цивилизацияси марказида 250 ёшли сўзана намойиш этилади

Сўзана. cisc.uz сайти фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида XVIII асрга оид катта медальон сўзана намойиш этилади. Бу ҳақда Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати хабар берди.

Тахминан 250 йил аввал яратилган тўқимачилик маҳсулоти ноёб артефактдир. Тадқиқотчи Майкл Френсес таснифига кўра, бу сўзани «А типидаги дизайн» га тегишли.

Унинг негизида концентрик доиралар ва «эчки шохи» кўринишидаги безакли спираллар билан ўралган учбурчаклари чиқиб турувчи олти бурчакли медальон қурилган. Ушбу услуб мураккаб геометрия ва бой рамзийлик комбинацияси билан ажралиб туради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кашта тикиш техникаси қўпол кўринса-да, безакнинг композицион уйғунлиги ва нафислиги кучли таассурот қолдиради.

Бундай сўзаналар уй безаги сифатида, махсус тадбирларда, тўйларда ва ҳатто дипломатик совға сифатида ишлатилган.

1978 йилда дунёда бор-йўғи 8 та йирик медальон сўзана маълум бўлган бўлса, 2000 йили Френсеснинг қайта тадқиқотидан сўнг, бу рақам 54 тага кўпайган. Бугунги кунда уларнинг сони 70 га яқин.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Ташкилот биносида музей жойлашган. Марказнинг очилиши 2025 йил август ойининг охирига режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ