Қозоғистон аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот бўйича Россия ва Хитойни ортда қолдирди. 14 август куни эълон қилинган Халқаро валюта жамғармасининг жорий йил учун прогнози шундан далолат беради.
Аҳоли жон бошига ЯИМ — бу мамлакатнинг аҳоли жон бошига иқтисодий фаоллигининг ўртача даражасини баҳолаш имконини берувчи кўрсаткич. У умумий ЯИМни аҳоли сонига бўлиш йўли билан ҳисобланади. ХВЖ маълумотларига кўра, 2025 йили Қозоғистонда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 14,77 минг долларни ташкил этади, Россияда 14,26 минг доллар, Хитойда эса 13,69 минг доллар.
Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Россияни биринчи марта ортда қолдираётгани йўқ – 2015 йили ҳам худди шундай ҳолат кузатилган (Қозоғистон учун 10,5 минг доллар, Россия учун 9,2 минг доллар).
Марказий Осиё минтақасида Қозоғистон ҳозирда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда Туркманистон (13,34 минг доллар), учинчи ўринда Ўзбекистон (3,51 минг доллар), кейинги ўринларда Қирғизистон ва Тожикистон (мос равишда 2,75 минг ва 1,43 минг доллар) жойлашган.
Жамғарма таҳлилчилари Қозоғистон натижасини бир қанча омиллар билан изоҳламоқда, деб ёзади Forbes.kz, хусусан, хомашё, экспорт ўсиши, яхшиланган сармоявий муҳит ва ижтимоий инфратузилмага инвестициялар. Шунингдек, улар мамлакатнинг қулай географик жойлашуви, транспорт-логистика алоқалари ривожлангани, Миллий банк ва ҳукумат сиёсати билан қўллаб-қувватланаётган макроиқтисодий барқарорликни таъкидлашган.