Қўшма Штатлар 1 августдан бошлаб Қозоғистондан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоизлик божхона тўловларини жорий этишга қарор қилди. Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевга йўлланган тегишли мактуб АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан Truth Social ижтимоий тармоғида чоп этилди.
«Сизга ушбу мактубни юбориш мен учун шараф, зеро бу бизнинг савдо алоқаларимиз мустаҳкамлигини ва Қўшма Штатлар буюк давлатингиз билан салмоқли савдо камомадига қарамай Қозоғистон билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини кўрсатади», — дейилади мактубда.
Қайд этилишича, агар Остона Вашингтонга қарши жавобан божларни жорий этишга қарор қилса, Қўшма Штатлар Қозоғистонга нисбатан бож ставкасини оширади. У Остона белгилашга қарор қилган миқдорга қалар ошади, дея огоҳлантиради Трамп.
«Бу мажбуриятлар Қозоғистоннинг тариф ва нотариф сиёсати туфайли узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган номутаносибликларни бартараф этиш учун зарурлигини тушунишингизни истардик. Савдо номутаносиблиги иқтисодиётимиз, аниқроғи — миллий хавфсизлигимиз учун жиддий хавф туғдирмоқда», — дейди АҚШ президенти.
Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, бож тўғридан-тўғри АҚШда маҳсулот ишлаб чиқарадиган компанияларга нисбатан қўлланилмайди.
Материал эълон қилинган пайтда Қозоғистон томонидан ушбу хатга расмий жавоб бўлмаган.
Япония, Жанубий Корея, Малайзия (25 фоиз), Жанубий Африка (30 фоиз), Лаос ва Мьянма (40 фоиз) учун ҳам янги тарифлар эълон қилинди.
ТАССнинг эслатишича, 2 апрель куни Трамп дунёнинг 185 та давлати ва ҳудуди маҳсулотларига божхона тўловлари жорий этилишини маълум қилган. 10 фоизлик универсал тарифлар 5 апрелдан, индивидуал тарифлар 9 апрелдан кучга кирган. Шу куни АҚШ президенти савдо маслаҳатлашувларини ўтказиш бўйича баъзи мажбуриятлар 90 кунга тўхтатилишини эълон қилганди.
27 июнь куни Трамп Қўшма Штатлар ўзаро савдонинг кейинги шартлари, яъни Америка бозорига етказиб берилаётган товарларга бож ставкалари тўғрисида тахминан бир ярим ҳафта ичида алоҳида шартномалар имзоланадиган қатор давлатларни хабардор қилишини маълум қилди.