1 июлдан Россияда биометрик маълумотларини топширмаган мигрантлар мобил алоқадан узилади

«Фарғона» коллажи

2025 йил 1 июлдан бошлаб Россия Ягона биометрик тизимида (ЯБТ) рўйхатдан ўтмаган чет эл фуқаролари учун уяли алоқа хизматлари босқичма-босқич ўчирилади. Бу ҳақда РФ Рақамли ривожланиш вазирлиги хабар берди.

Янги қоидаларга кўра, Россия SIM-карталаридан фойдаланувчи барча хорижликлар биометрик маълумотлардан фойдаланган ҳолда ўз шахсини тасдиқлаши ва уларни «Госуслуги» портали орқали рўйхатдан ўтказиши шарт. Рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, 2 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари ЯБТда рўйхатдан ўтган ва янги қоидалар бўйича шартномаларни қайта расмийлаштирган.

2025 йил 1 январдан бошлаб хорижликлар алоқа операторлари билан фақат биометрик маълумотларни тақдим этгандан, СНИЛСни рўйхатдан ўтказгандан ва «Госуслуги» да тасдиқланган ҳисоб қайдномасини яратгандан сўнг шартномалар тузишлари мумкин. Бир кишига 10 тадан кўп бўлмаган SIM-карталарни расмийлаштиришга рухсат берилади. Илгари берилган рақамлар эгалари учун биометрик маълумотларни топшириш муддати 1 июлда тугайди.

Ўчириш босқичма-босқич амалга оширилади:

👉 уч ойдан ортиқ вақт давомида фаол бўлмаган рақамлар дарҳол ўчирилади;

👉 Фаол рақамларга халқаро ва шаҳарлараро қўнғироқлар дастлаб блокланади ва интернет тезлиги пасаяди, 30 кундан кейин эса абонент шартномани янгилашга улгурмаса, алоқа бутунлай узилади.

Шартномани янгилаш учун Россияда бўлган чет элликлар ўзларига расмийлаштирилган абонент рақамлари сонини «Госуслуги» даги «Сим-карты» бўлимида текширишлари керак бўлади. Ортиқча рақамлар учун шартнома бекор қилиниши керак, қолган рақамлар учун шахс алоқа дўконига учраб, Ягона биометрик тизимдаги биометрика ёрдамида ўз шахсини тасдиқлаши лозим.

Россияга эндигина кираётган хорижликлар учун рақамли профиль 30 июндан бошлаб амал қилади: энди ruID мобил иловаси орқали биометрик маълумотларни расмийлаштириш ва ариза топшириш мумкин, чегарада эса СНИЛС ва «Госуслуги» даги учёт ёзувини ўз ичига олган профиль яратилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ